Сурхондарёда прокурор ва унинг ҳайдовчиси ЙТҲ қурбони бўлди
3-саҳифа
−
12 Ноябрь 2020
13562Сурхондарё вилояти прокуратураси бўлим катта прокурори ва унинг ҳайдовчиси мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
Воқеа жорий йилнинг 7 ноябрь куни соат 21:30 ларда содир бўлган.
Сурхондарё вилояти прокуратураси ҳайдовчиси Ў.Каттаев хизмат автомашинасида Термиз туманидан Термиз шаҳри томонга ҳаракатланиб келаётган бўлган.
Автомобиль Термиз тумани ҳудудидаги Термиз–Учқизил темир йўл бекатлари оралиғининг 57-километрининг 9-пикетида жойлашган қўриқланмайдиган темир йўл кесишмасидан ўтаётганда, эҳтиётсизлик оқибатида ҳаракатланиб келаётган резерв тепловоз билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
Бахтсиз ҳодиса оқибатида Ў.Каттаев ва олд ўриндиқдаги вилоят прокуратураси бўлим катта прокурори Б.Эргашев ҳодиса жойида вафот этган. Шунингдек, орқа ўриндиқда бўлган вилоят прокурори ўринбосари Х.Куллиев тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан 8 ноябрь куни Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (Одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.