Сурхондарёда поездларга “талаб юқорилиги” сабаб ортиқча одам олинмоқда (видео)

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда “Сариосиё – Термиз” йўналишида ҳаракатланаётган шаҳарлараро поездга оид турли видеолар ва изоҳлар тарқалди. Уларда поезддаги йўловчилар гавжумлиги ва вагонлардаги шароитлар юзасидан эътирозлар билдирилган. Мазкур ҳолат юзасидан “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ изоҳ берди.

 

Маълум қилинишича, мазкур йўналишда қатновни амалга ошираётган поезд 4 та йўловчи вагонидан иборат бўлиб, жамоат транспорти тамойили асосида фаолият юритади.

Ушбу йўналишда чипталар ўриндиқ рақами кўрсатилмаган ҳолда, яъни жойсиз сотилади. Йўловчилар амалдаги чипта асосида поездга чиқиб, бўш ўринларга жойлашади. Қайд этилишича, ҳар бир вагон 81 нафар йўловчини ўтирган ҳолда ташишга мўлжалланган.

Билдирилишича, поезд аҳолига қулай ва ҳамёнбоп транспорт хизмати кўрсатиш мақсадида ташкил этилган. Бугунги кунда ушбу йўналишга талаб юқори бўлиб, айниқса дам олиш ва байрам кунларида йўловчилар оқимининг кескин ортиши сабабли айрим қатновларда гавжумлик кузатилиши мумкин.

Ташкилотга кўра, мазкур йўналишдаги поезд вагонлари йўловчилар учун зарур қулайликлар билан таъминланган бўлиб, жумладан, ёз мавсумида совутиш, қиш мавсумида эса иситиш тизимлари узлуксиз ишлаши таъминланади.

“Ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳолат юзасидан масъул мутахассислар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Йўловчиларга янада қулай, хавфсиз ва сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида зарур чоралар кўрилади”, дейилади расмий муносабатда.

Шунингдек, “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ фуқаролардан тасдиқланмаган ёки бир томонлама талқин қилинган маълумотларга эмас, расмий ахборот манбаларига таянишни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов вилоятдаги жамоат транспортларига доир вазиятларни танқид қилиб, чипталар муаммосини кўтарган эди. Унинг сўзларига кўра, билетлар сунъий қимматлаштирилган ҳамда соҳада монополия мавжуд.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг