Сурхондарёда икки мактаб ўқувчиси 23 ёшли йигитни калтаклади
3-саҳифа
−
16 Май
14308Ижтимоий тармоқларда кўчада бир йигитнинг кўпчилик томонидан калтакланаётгани видеоси тарқалди. Бунга Сурхондарё вилояти ИИБ муносабат билдирди.
Унга кўра, мазкур ҳолат жорий йилнинг 9 апрель куни рўй берган бўлиб, 2006 йилда туғилган Б.Н. ҳамда унинг тенгдоши М.Н.лар олдиндан ўзаро жиноий тил бириктирган. Улар жамоат жойи ҳисобланган Олтинсой тумани "Гулчечак" маҳалласида жойлашган 59-сонли умумий ўрта таълим мактабининг олдидаги йўлда ўзига олдиндан таниш бўлмаган туманнинг "Қизилтепа" маҳалласида яшовчи фуқаро – 2001 йилда туғилган Х.Ж. билан ҳеч бир сабабсиз тортишиб, жанжаллашган.
Жанжал вақтида вояга етмаган Б.Н. ва М.Н.лар қўллари билан жабрланувчининг дуч келган жойига уриб, оёқлари билан унинг юзига тепиб, тан жароҳати етказган.
Шунингдек, улар атрофдаги одамларни ўзларига қаратиб, жамоат тартибини бузган ва жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан безорилик жиноятини содир этгани аниқланган.
“Мазкур ҳолат юзасидан вояга етмаганлар Б.Н. ва М.Н.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми "б" банди билан жиноят иши қўзғатилган”, дейилади хабарда.