Сурхондарёда фуқаро “участковой”га болта билан ҳужум қилди
3-саҳифа
−
31 Май 2023
6805Сурхондарё вилоятида фуқаро Ички ишлар органи ходимига болта билан ҳужум қилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқарамаси Матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, воқеа кеча, 30 май куни соат 16:00 да Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани “Ҳамкорлик” маҳалласи юз берган. Маҳалла раиси Н.Шоймардоновнинг уйига муқаддам судланган, гиёҳванд шахс сифатида профилактик назоратга олинган А.И. маст ҳолда бостириб кирган. У маиший муаммоларини рўкач қилган ҳолда маҳалла раиси ва уйда бўлган оила аъзоларининг тинчлигини бузиб, жанжал кўтарган.
Чақирувга асосан воқеа жойига етиб келган маҳалла профилактика инспектори капитан Ғ.Б. тартиббузар фуқаро воқеа жойидан номаълум томонга қочиб кетганига гувоҳ бўлган.
Олиб борилган қидирув тадбирлари натижасида шу куни соат тахминан 19:00 ларда тартиббузар А.И. ўз уйига қайтиб келгани аниқланган. У билан профилактик суҳбат ўтказиш ҳамда маҳалла раисига нисбатан содир этган ҳуқуқбузарлик ҳолатини расмийлаштириш мақсадида тартиббузарнинг хонадонига борган капитан Ғ.Б. хонадон эгасининг кескин қаршилигига учраган.
Хонадон эгаси болта билан профилактика инспекторига ҳужум қилиб, унинг чап қўл тирсагини яралаганига қарамасдан жисмоний куч ишлатган.
Шундан сўнг капитан Ғ.Б. воқеа жойига етиб келган ҳамкасблар ва хонадон эгалари ёрдамида шифохонага юборилган. Тиббий кўрик натижасида чап тирсак пастки қисми суякларининг очиқ сингани ва қон томирларини кесилгани аниқланган ва тегишли муолажалар кўрсатилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Сариосиё тумани прокуратураси томонидан тегишли моддалар билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахс процессуал тартибда қамоққа олинган.
LiveБарчаси