Сурхондарёда 5 гектар ерни 80 минг долларга пулламоқчи бўлган фермер қўлга тушди
3-саҳифа
−
24 Сентябрь
2891Тўрақўрғон тумани Фермерлар кенгаши, Урганч тумани ҳокимлиги ходими ва Ғозғон шаҳар кадастр бўлими бошлиғи ер сотаётганда қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг мансабдор ходими ўзининг турмуш ўртоғига деҳқончилик қилиш учун ажратиб берилган 1 гектар ерни танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 6900 АҚШ доллари ва 15 млн сўм олган вақтида ушланган.
Терговга қадар текширув давомида, жорий йилнинг март ойида ушбу ер майдони мазкур мансабдор шахснинг турмуш ўртоғи томонидан аукцион орқали сотиб олиниб, апрель ойида туман ҳокимлиги билан ижара шартномаси тузилганлиги ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилганлиги маълум бўлган.
Хоразм вилоятида кузатилган ҳолатда Урганч тумани ҳокимлиги ходими 1977 йилда туғилган шахс билан ўзаро келишган ҳолда, алдов йўли билан харидорнинг ишончига кирган.
Хусусан, унга туман ҳокимининг 2018 йилдаги қарорига мувофиқ, маиший хизмат кўрсатиш объектлари қуриш мақсадида бошқа бир фуқарога ажратиб берилган, бироқ тасдиқлаш учун вилоят ҳокимининг қарори чиқарилмасдан ва тегишли тартибда кадастр ҳужжатлари ишлаб чиқилмасдан, давлат рўйхатига киритилмай қолган 1 гектар ер майдонида енгил типдаги коттежлар қуриш мумкинлигини айтган.
Шунингдек, туман ҳокимининг 2018 йилдаги қарорини жорий йилда қабул қилинган “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқлаштириб беришни маълум қилган.
Аммо улар хизмат эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 30 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, уларнинг жиноий шериги бўлган, кадастр ва архитектура фаолияти билан шуғулланувчи хусусий фирма раҳбари ҳам ушбу пул маблағидан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Навоий вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда, Ғозғон шаҳар кадастр бўлими бошлиғи Нурота тумани ҳудудида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 1 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 40 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 6 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса, Денов шаҳрида яшовчи 1974 йилда туғилган фуқаро ўзининг турмуш ўртоғи номидаги фермер хўжаликка чорва озуқа экинлари экиш учун ижара шартномаси асосида ажратиб берилган 5,33 гектар ер майдонини кадастр идораларидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 80 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган.
“Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда” дейилади хабарда.
LiveБарчаси