Сурхондарёда 11-синф йигит 9-синф қизни зўрлади
3-саҳифа
−
13 Январь 9496 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Денов туманида жойлашган 64-сонли умумий ўрта таълим мактабида 11-синф ўқувчиси 9-синф ўқувчига нисбатан жинсий зўравонлик қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, 11- ва 9-синфда таҳсил олаётган вояга етмаган шахслар билан боғлиқ вазият бундан бир неча ой аввал мактабдан ташқарида содир бўлгани аниқланган. Шундай бўлса-да, ҳолат мактаб маъмурияти томонидан зудлик билан ўрганилиб, ота-оналар иштирокида муҳокама этилган ва ички ишлар органлари хабардор қилинган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли тартибда текширув ишлари олиб борилмоқда.
“Текширув жараёнида вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати, шунингдек, уларнинг руҳий ҳолатини ҳимоя қилиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Шу муносабат билан терговга қадар текширув якунига етмагунча, бир томонлама хулосалар чиқариш ва тасдиқланмаган маълумотларни тарқатиш мақсадга мувофиқ эмаслигини эслатиб ўтамиз”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, мактаб маъмурияти томонидан масъул идоралар билан ҳамкорликда зарур чоралар кўрилмоқда. Текширув якунлари бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда қўшимча ахборот берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида жойлашган манзил колонияда жазосини ўтаётган 31 ёшли маҳкум қочиб, 3-синфда ўқийдиган қизни зўрлаганди. Кейинроқ унга суд ҳукми билан 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.