Сурхондарё ҳокими сенатор бўлди
Жамият
−
13 Июнь 2023
9569Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Олий Мажлис Сенати аъзолигига сайланди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси хабар берди.
Бугун, 13 июнь куни Термиз шаҳридаги Ёшлар маркази биносида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтган. Унда Олий Мажлис Сенатида Сурхондарё вилоятидан бўшаб қолган ўрин учун сайлов бўлиб ўтган. Ушбу йиғилишда Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев иштирок этган.
Сайлов яширин овоз бериш йўли билан амалга оширилган ва Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Олий Мажлис Сенати аъзолигига сайланган.
Маълумот учун, Улуғбек Қосимов жорий йилнинг 13 март куни Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланганди. У 2022 йилнинг декабрь ойида Президент фармони билан Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди.
Улуғбек Қосимов Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинлангунга қадар Тошкент шаҳар прокурори лавозимида ишлаб келган. Шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Музработ ва Денов туманлари ҳокими, Сурхондарё ва Фарғона вилояти прокурори лавозимларида фаолият кўрсатган.