Сурияга кафил давлатлар Идлибда кучини кўрсатадими?
Олам
−
16 Февраль 2019
12575Сурия Араб Республикасининг Идлиб вилоятида радикал гуруҳларга қарши Туркия, Россия ва Эрон ҳамкорлигида ҳарбий операциялар ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Сочидан қайтаётганда маълум қилди.
Жорий йилнинг 14 январь куни Сурияда тинчлик ўрнатилишига кафил давлатлар – Россия, Эрон ва Туркия раҳбарлари Владимир Путин, Ҳасан Руҳони ва Ражаб Тойиб Эрдўған Сочи шаҳрида навбатдаги уч томонлама учрашувни ўтказди. Бу уч томонлама учрашувларнинг тўртинчиси бўлди.
Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Идлиб вилоятидаги деэскалация ҳудудида тинчликни сақлаб қолиш саммитнинг энг асосий мавзуларидан бири бўлган.
“Қўшма операциялар (РФ ва Эрон билан) вазиятнинг қай йўсинда ривожланишига қараб, ҳар қандай вақтда ўтказилиши мумкин. Бунинг учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Биз учун Идлиб аҳолисининг хавфсизлиги муҳим”, деган Эрдўған журналистларга.
Эрдўған қўшимча тарзида Туркия ва Россия ҳарбийлари Идлиб бўйича меморандумни амалиётга жорий қилиш учун жадал иш олиб бораётганини айтган.
Маълумот учун, ўтган йилнинг 17 сентябрь куни бўлиб ўтган Россия ва Туркия давлат раҳбарлари учрашуви якунида икки давлат мудофаа вазирлари Суриянинг Идлиб вилоятидаги деэскалация ҳудудида вазиятни барқарорлаштириш ва минтақада демилитаризацияланган зона яратиш бўйича меморандум имзолаганди.
LiveБарчаси