Суриядаги Россия авиабазасига дрон ҳужум қилгани айтилмоқда

Олам

image

Бугун, 18 февралга ўтар кечаси Россия Аэрокосмик кучлари авиагуруҳи жойлашган Суриядаги Хмеймим авиабазасига учувчисиз самолётлар томонидан ҳужум қилинди. Бу ҳақда илк бор Ироқ шиа гуруҳлари билан алоқадор бўлган “Sabereen News” Telegram-канали хабар берди.

Кремлпараст “уруш мухбири” Олег Блохиннинг сўзларига кўра, Москва вақти билан соат 2:30 да Россия ҳарбий базасида “қуруқликдаги душман ҳужуми” деб белгиланган жанговар огоҳлантириш эълон қилинган.

“Панцирь (Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими) деярли дарҳол ишлай бошлади. Отишма ва портлашлар эшитилди", деб ёзган Блохин.

У “отишма” бир соатга яқин давом этганини, аммо унинг натижалари ҳақида батафсил маълумот берилмаганини таъкидлаган.

“Ушбу воқеа Суриядаги базаларимиз нормал фаолият кўрсатишига йўл қўйилмаслигини яна бир бор исботлади”, дея таъкидлади “уруш мухбири”.

Унинг иддаосича, “провокация” ортида ҳукмдор Башар Асад режимини ағдариб, мамлакатда ҳокимиятни ўз қўлига олган “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи турган бўлиши мумкин.

Сурия Мудофаа вазири: Россия Дамашққа фойда келтирса, базаларини сақлаб қолади

Сурия Мудофаа вазири Мурҳаф Абу Касра 6 февраль куни “The Washington Post” газетасига берган интервьюсида Дамашқ манфаатларига хизмат қиладиган келишувга эришилса, Сурия Россияга Ўртаер денгизи соҳилидаги – Тартус ва Хмеймимдаги ҳарбий базаларини сақлаб қолиш имкониятини беришга тайёр эканини айтди.

“Агар бундан биз Сурияга наф кўрсак, ҳа. 2024 йил декабрида Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг Россиянинг Суриянинг янги ҳокимиятига муносабати “сезиларли даражада яхшиланди”, деб жавоб берди у журналистларнинг бу борадаги саволига. 


Путин Сурия президенти билан телефон орқали гаплашди

Кремль сайтида 12 февраль куни хабар қилинганидек, Россия Президенти Владимир Путин Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара билан телефон орқали мулоқот қилди.

Айтилишича, улар “Суриядаги мавжуд вазият бўйича жиддий фикр алмашган”, Владимир Путин “Сурия давлатининг бирлиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини” билдирган ва Москва мамлакатдаги “ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилашга кўмаклашиш” ва унинг аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилган.

Суҳбат чоғида Россиянинг Суриядаги ҳарбий базаларини сақлаб қолиш масаласи муҳокама қилингани ҳақида хабар берилмаган.

Икки кундан сўнг, Сурия пойтахти Дамашқдаги аэропортга юзлаб миллиард Сурия фунт стерлингини олиб кетаётган самолёт қўнди. “Reuters” хабарига кўра, у Башар Асад ҳукмронлиги даврида Сурия учун пул босган Россиядан келган.

Аввалроқ “Bloomberg” манбалари Россия Суриянинг янги расмийлари билан ҳарбий контингентнинг бир қисмини мамлакатда сақлаб қолиш бўйича келишувга яқин тургани ҳақида хабар берган эди. Агентлик манбаларига кўра, ҳарбий мавжудлик эвазига Москва Суриянинг янги расмийларига мамлакат шарқида фаол бўлган ИШИД террорчилик гуруҳига қарши курашда ёрдам бериши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Сурия Хмеймим авиабазаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made