Сурияда ИШИД қўмондони ўлдирилди
Олам
−
19 Апрель 2023
8712АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Сурияда ИШИД халқаро террорчилик гуруҳи қўмондонларидан бирини йўқ қилди. Бу ҳақда CENTCOM эълон қилган баёнотда маълумот келтирилган.
Маълум қилинишича, 17 апрель куни АҚШ ҳарбийларининг ҳарбий вертолёти орқали ўтказилган операцияда ИШИДнинг Суриядаги юқори мартабали қўмондони йўқ қилинган.
Хабарга кўра, вафот этган Абд ал-Ҳади Маҳмуд ал-Ҳожи Али бир нечта террорчилик ҳужумларини режалаштирган. Баёнотда у Яқин Шарқ ва Европада террорчилик ҳужумларини режалаштириш учун масъул бўлган етакчи ва оператив режаловчи сифатида таърифланади.
Айтилишича, вертолёт операцияси ИШИД чет элда амалдорларни ўғирлашни режалаштирганини кўрсатувчи разведка маълумотлари ортидан амалга оширилган.
Баёнотда ИШИД гуруҳининг яна икки аъзосининг ўлдирилганига ҳам ишора қилинади, операция ҳақида бошқа тафсилотлар келтирилмаган.
Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваториясининг маълум қилишича, ҳужум Суриянинг Туркия билан чегарасидаги Жарабулус шаҳридан 25 километр ғарбда жойлашган ал-Сувайда қишлоғидаги бинога уюштирилган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 3 апрель куни АҚШ Сурияда ИШИДнинг юқори мартабали раҳбарини йўқ қилишга қаратилган ҳарбий операцияни амалга оширган эди. Операцияда ИШИДнинг Европадаги ҳужумларини режалаштириш учун масъул бўлган ва гуруҳ раҳбариятини тузган Холид Айдд Аҳмад ал-Жабурий йўқ қилинган.
LiveБарчаси