Сурия Сувайдадан қўшинларини олиб чиқиб кетяпти

Олам

image

Кеча, 16 июл куни кечқурун Сурия ҳукумати маҳаллий этник жамоалар ўртасидаги қуролли тўқнашувлар туфайли мамлакат жануби-ғарбидаги Сувайда шаҳридан армия бўлинмалари олиб чиқилишини эълон қилди. Бу ҳақда “Sky News Arabia” хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳукумат қўшинларининг минтақадан олиб чиқилиши друзлар билан тузилган сулҳ битимининг бир қисмидир. ОАВ хабарларига кўра, қўшинлар олиб чиқилгач, давлат хавфсизлик кучлари минтақада қолади – улар Сувайда яқинидаги йўлларни назорат қилади. Ўт очишни тўхтатиш келишуви доирасида чегара минтақасида можаро авж олишининг сўнгги босқичида содир этилган ҳуқуқбузарликларни текшириш учун друзлар ва расмий Дамашқ вакилларининг қўшма қўмитаси ҳам тузилади. 11 июлдан бери давом этаётган тартибсизликлар чоғида қўлга олинган друзлар ва бадавийлар қўйиб юборилиши, тўқнашувларда бедарак йўқолганлар топилиши ваъда қилинган.

“Биз жиноят содир этган ва бизнинг друзларни ҳақорат қилганларни жавобгарликка тортишга интиламиз, чунки улар давлат ҳимояси ва масъулияти остида”, деди Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара.

Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси (SOHR) фаоллари Сурия Мудофаа вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигини Сувайдадаги тартибсизликларни бостириш пайтида тинч аҳолини қирғин қилишда айблади. SOHR маълумотларига кўра, камида 27 маҳаллий друз ўлдирилган.

Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, можаро авж олганидан бери минтақада жами 350 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Улар орасида 79 нафар друз жангариси, 55 нафар тинч аҳоли вакили, 18 нафар бадавий жангари ва 189 нафар Сурия ҳукумат кучлари – армия ва ички ишлар вазирлиги вакиллари бор. AFP'нинг таъкидлашича, SOHR ўз маълумотларини маҳаллий фаоллар тармоғидан олади ва уларни мустақил равишда текшириб бўлмайди. Расмий манбалар аввалроқ қурбонлар сони анча кам бўлгани ҳақида хабар берган эди.

Сурия жанубида друзлар ва бадавийлар ўртасидаги зиддият

Друзлар Сурия, Ливан, Исроил ва Иорданияда истиқомат қилувчи алоҳида араб тилида сўзлашувчи этно-конфессиявий гуруҳдир. Суриянинг Сувайда провинциясида улар кўпчиликни ташкил қилади. Улар яхши қуролланган – мамлакатдаги фуқаролар уруши даврида Башар Асад режими қўшинлари билан ҳам, “Исломий давлат” жангарилари билан ҳам жанг қилган.

Друзлар дини исломнинг шиа мазҳабидан шаклланган, аммо бугунги кунда уларнинг кўпчилиги ўзини мусулмон деб ҳисобламайди.

Айни пайтда Сувайдада сунний бадавийлар ҳам яшайди. Улар 2024 йилнинг ноябрида Башар Асад кучларига қарши ҳужумга раҳбарлик қилган “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳини қўллаб-қувватлаган, бироқ у тузган янги Сурия ҳукуматига расман бўйсунмаган.

Сувайдада бадавийлар ва друзлар узоқ вақтдан бери келишмовчиликка дуч келишган. Охирги кескинлик ўткинчилар минтақанинг чекка ҳудудидан боғланган ва калтакланган друз савдогарини топиб олганидан кейин содир бўлди. Савдогарнинг айтишича, кўчманчилар маҳаллий йўллардан бирида унга ҳужум қилиб, пулини, машинасини, телефонини олиб, ўзини эса “кофир” деб аташган. Бунга жавобан друзлар бир нечта бадавийларни ўғирлаб кетишди, бу эса жамоа даражасида тўлиқ можарога олиб келди.

Дамашқ вазият кескинлашганидан афсусда эканини ва ҳукумат қўшинларини Сувайдага жўнатганини билдирди. Бироқ друзлар тарафдори бўлган Исроил Сурия қўшини минтақага кирса, унга ҳужум қилишни ваъда қилиб, жараёнга аралашди. Кейинроқ Исроил кучлари ҳукумат қўшинлари колонналарига ҳам, Дамашқдаги Сурия Бош штабига яқин ҳудудга ҳам зарба берди.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Мудофаа вазири Исроил Кац ЦАХАЛ операциясидан мақсад ҳукуматнинг друзларга қарши зўравонликларини олдини олиш эканини айтди. Бундан ташқари, Исроил томони мамлакатнинг Жўлан тепаликлари яқинида жойлашган ҳудудларини – Сурия жануби-ғарбидаги, бир қисми аввал Исроил томонидан босиб олинган ҳудудни демилитаризация қилмоқчи эканлигини даъво қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Исроил друзлар бадавийлар Сувайда

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг