Сурия суди Асадни сиртдан ҳибсга олишга ордер берди

Олам

image

Сурия суди собиқ президент Башар Асадни 2011 йилда Дараа вилоятида намойишларни бостириш билан боғлиқ айбловлар бўйича сиртдан ҳибсга олишга ордер берди. Бу ҳақда SANA хабар берди.

Олий суд баёнотига кўра, Асад қасддан қотиллик, ўлимга олиб келган қийноқлар ва ноқонуний қамоққа олишда айбланмоқда. Иш Дараа воқеалари қурбонларининг яқинлари томонидан берилган даъво аризаси асосида қўзғатилган.

Суд қарори собиқ давлат раҳбарини тегишли билдиришномалар, жумладан, Интерпол орқали халқаро жиноий жавобгарликка тортиш учун йўл очади.

Дараа вилояти маркази Дамашқдан 110 км узоқликда жойлашган. Бу шаҳарда 2011 йилда ҳукуматга қарши намойишлар бошланган ва кейинчалик жангарилар, мухолиф гуруҳлар ва Сурия армияси ўртасида қуролли тўқнашувга айланган.

2024 йилнинг декабрида қуролли мухолифат Дамашққа кириб борди, шундан сўнг Башар Асад истеъфога чиқди ва мамлакатни тарк этди. Режимнинг ағдарилишида муҳим роль ўйнаган “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” раҳбари Аҳмад аш-Шара муваққат президент этиб тайинланди.

Асад ва унинг оиласига Россиядан бошпана берилди. Москва Суриянинг янги расмийлари билан дипломатик алоқаларни давом эттирди.

Олдинроқ Франция Суриянинг собиқ президенти ва яна олти нафар юқори мартабали собиқ амалдорни ҳибсга олишга ордер берган эди. Бу 2012 йилда икки журналистнинг ўлимига сабаб бўлган Ҳомсдаги портлаш билан боғлиқ: “The Sunday Times” газетасининг 56 ёшли америкалик журналисти Мари Колвин ва 28 ёшли француз фотографи Реми Ошлик.

Франция расмийлари воқеани инсониятга қарши потенциал жиноят ва уруш жинояти сифатида текширмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурия пойтахти Дамашқ шаҳри яқинида оммавий қабр топилганди. У ерда ўтган йили декабрда ҳокимиятдан ағдарилган Башар Асад режими давридаги фуқаролик уруши чоғида аскарлар томонидан ўлдирилган камида 175 кишининг жасади бор.


Мақола муаллифи

Теглар

Башар Асад ордер собиқ президент Аҳмад аш-Шара Дараа вилояти даъво аризаси Сурия суди

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг