Сурия Россия билан ҳарбий базалар ва Асаднинг тақдирини муҳокама қилди

Олам

image
Асаднинг Москвадаги ҳаёти қандай ўтаётгани очиқланди north_east

Асаднинг Москвадаги ҳаёти қандай ўтаётгани очиқланди

Сурия Россия билан икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик, жумладан, ҳарбий базалар бўйича мавжуд келишувларни қайта кўриб чиқиш учун музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Сурия Ташқи ишлар вазири Асад Ҳасан ал-Шибоний маълум қилди.

Сурия ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, ҳозирча томонлар ўртасида янги келишувлар йўқ. Музокараларда собиқ президент Башар Асад ва мамлакатни тарк этган ҳарбийлар тақдири ҳам муҳокама қилинган.

Дипломатнинг айтишича, олдинги тузум эришган келишувларни қабул қилиб бўлмайди, шу сабабли улар тўхтатилган. У Суриянинг дипломатик ҳаракатлари сурияликларнинг ҳуқуқлари бўйича ҳеч қандай ён беришни англатмаслигини тушунтирди. Ал-Шибонийнинг қўшимча қилишича, Россия, Хитой ва Европа билан алоқалар Сурия мақомига асосланади ва ундан халқ манфаати учун фойдаланиш керак. У, шунингдек, келаси ой Пекинга биринчи расмий ташрифини эълон қилди.

“Сурия Ташқи ишлар вазирлиги мулоқот ва ҳамкорлик учун очиқ ёндашув фойдасига ташқи ишлар вазири “шантаж” деб атаган аввалги дипломатия оқибатларини бартараф этишга ҳаракат қилмоқда”, деди у.

15 октябрь куни Суриянинг янги раҳбари Аҳмад аш-Шара Москвага илк ташрифини амалга оширди. У 2024 йилнинг декабрида Россия томонидан қўллаб-қувватланган Асад режими қулаганидан сўнг мамлакатни эгаллаб олганди.

Музокаралар икки соатдан ортиқ давом этди. Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар чоғида Аҳмад аш-Шара Суриянинг янги ҳукумати Россия билан муносабатларнинг бутун спектрини тиклаш ниятида эканини айтди. Шундан сўнг, етакчилар оммавий ахборот воситаларига қўшма баёнот бермади. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия ҳарбий базалари масаласи муҳокама қилинганини тасдиқлади, бироқ бошқа тафсилотларни келтирмади.

Аммо Кремль ўша куни эрталаб суҳбатда Суриядаги Россия ҳарбий базаларининг келажаги – Хмеймим авиабазаси ва Россия ҳарбий-денгиз кучларининг Тартусдаги 720-логистика базаси (2017 йилда Москва ўша пайтдаги Сурия ҳукумати билан ўз гарнизонларини ушбу объектларда жойлаштириш тўғрисида келишувга эришган) муҳокама мавзуси бўлганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Башар Асад ҳукумати Суриядаги энг йирик оммавий қабрлардан бири – Қутайфа қабридаги минглаб жасадларни икки йил давомида яширинча юк машиналарида шаҳар ташқарисидаги чўл ҳудудида жойлашган махфий манзилга кўчиргани аниқланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Башар Асад Хмеймим авиабазаси Асад Ҳасан ал-Шибоний

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг