Сурия Исроил билан “дўстлашмоқчими?” Улар махфий музокаралар олиб бормоқда
Олам
−
07 Май 4423 1 дақиқа
Сурия ва Исроил Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) томонидан яратилган алоқа каналидан фойдаланиб, билвосита музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда ўз манбаларга таяниб, “Reuters” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, мулоқотлар икки давлат ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга қаратилган ва биринчи навбатда хавфсизлик масалаларини муҳокама қилишни назарда тутади.
“Алоқа каналини яратиш Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шаранинг жорий йилнинг 13 апрель куни БААга расмий ташрифидан бир неча кун ўтиб бошланган”, дейилади хабарда.
Сурия хавфсизлик хизматидаги юқори лавозимли манбанинг сўзларига кўра, канал фақат хавфсизлик ва терроризмга қарши кураш мавзусига оид масалаларни муҳокама қилиш учун яратилган. Шу билан бирга, музокараларга БАА хавфсизлик хизмати, Сурия разведкаси ва Исроил разведкасининг собиқ ходимлари жалб қилинган. Ўтган ҳафтада Исроилнинг Сурияга берган зарбаларидан кейин алоқа каналидан фойдаланилгани ёки фойдаланилмагани номаълум.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 май куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Мудофаа вазири Исроил Кац Дамашқдаги президент саройи яқинидаги нишонга берилган зарба бўйича қўшма баёнот билан чиққанди. Ҳужум “Сурия режимига йўлланган аниқ сигнал” сифатида баҳоланди.
Худди шу куни Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шара Дамашқдаги президент саройи ҳудудига уюштирилган авиазарбаларни хавфли кескинлашув деб атади.
Live
Барчаси