Сурия Асад режими тарғиботчиларини суд қилишга ваъда берди
Олам
−
16:02
1936Сурия Ахборот вазирлиги Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилган даврида “ҳарбий ва ташвиқот машинасининг бир қисми” бўлган ҳарбий журналистлар жавобгарликка тортилишини маълум қилди. Бу ҳақда вазирликнинг кеча, 13 декабрь куни эълон қилинган баёнотида келтирилган.
Баёнотга кўра, “жиноятлар ва қирғинлар тарғиботига бевосита ёки билвосита ҳисса қўшган” ҳарбий оммавий ахборот воситалари ходимлари “ўтиш даври адолатининг бир қисми” сифатида адолатли судланади.
Вазирлик бундай жараёндан кўзланган мақсадни “адолатга эришиш” ва Сурия халқига қарши жиноятларда иштирок этган барчани жавобгарликка тортиш деб атаган.
Сурияни “темир мушт” билан бошқарган собиқ етакчи Башар Асад “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳининг юришларидан кейин мамлакатдан чиқиб кетди. Унинг кетиши ва Асад режимининг қулаши минтақада, шу билан бирга, халқаро миқёсда ҳам “байрам” сифатида кутиб олинди. Башар Асад 2000 йилда яъни, отаси Ҳофиз Асад вафотидан сўнг ҳеч қандай сайловларсиз, меросхўр сифатида ҳокимиятга келиб қолган. 2000 йил июнь ойида отаси вафот этганидан сўнг, Башар Асад унинг амалдаги меросхўри бўлди ва 2000 йил 17 июлда мамлакат президентига айланди. Ўшанда Сурия парламенти конституцияни ўзгартириб, президентлик ёши талабини 40 ёшдан 34 ёшгача пасайтирди. Бу эса Башарнинг ҳокимиятга келиши учун қилинган режа эди.
54 йиллик ҳокимиятдан сўнг Сурияда Асад оиласининг ҳукмронлиги ниҳоясига етди. 8 декабрь куни Башар Асад мамлакатни тарк этиб, Россиядан бошпана сўради. Яқин Шарқнинг замонавий тарихидаги энг шафқатсиз режимлардан бирининг қулаши Сурия армияси ва мухолиф кучлар коалицияси ўртасида бор-йўғи 12 кун давом этган жанглардан сўнг юз берди ва Сурияда 13 йиллик фуқаролар урушига нуқта қўйилди. У ўз ҳукмронлиги даврида 350 мингдан ортиқ сурияликнинг ҳаётига зомин бўлди ва камида 13 миллион киши уйини тарк этди. Асад режими қулаган куни Дамашқда кучли отишма овози эшитилди. Исёнчилар коалицияси ижтимоий тармоқларда Асад қочиб кетгани ва мамлакат пойтахти озод қилинганини эълон қилди.
LiveБарчаси