“Сўнгги воқеалар барчамиз учун “жиддий сигнал” бўлди”. Қашқадарёда яна бир неча блогер фаолиятини тугатди
Жамият
−
07 Июнь 2023
13089Қашқадарёда фаолиятини якунлаганини эълон қилган блогерлар ортидан қашқадарёлик яна 3 нафар блогер – Азизбек Яздурдиев, Ўролжон Камолов (“Turon24/7” Telegram-канали муаллифи) ҳамда “KeshNews” канали ҳам фаолиятини тўхтатаётганини билдирди.
“Менда қўрқув бўлмаган. Шундай муҳитда тарбияландим. Ҳақлик учун доим баралла гапирдим, жоним хатарда қолса ҳам. Ватанни ҳеч кимдан кам севмадим, ҳатто “ўзбекка душман” дейишса ҳам. Оиламни тақиб қилишди, шахсиятга тегишди, барибир давом этдим. “Сўз эркинлиги” учун курашдик, бироқ… Бугун вазият жиддийлашди. Сўнгги воқеалар, яъни “Капитан Каримов” ва Мақсуд Музаффаров билан содир бўлган ҳолатлар атиги бир савол учун қамалиб кетиш нафақат ОАВ, балки инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ сўнгги ишлар барчамиз учун “жиддий сигнал” бўлди”, дейди “Яздурдиев” канали муаллифи.
Унинг сўзларига кўра, блогер биринчи раҳбар томонидан узоқ кутилган эркинликнинг берилиши ва яқинда Конституцияда кафолатланган эркинликлардан жуда руҳланган.
“Бироқ ўртада катта кучларнинг борлиги (қаршилиги) ҳафсаламни пир қилди. Қисқаси, оиламга тинчлик керак. Шу кунгача, мени ёлғиз қолдирмаган барчага миннатдорчилик билдираман. Бошингиз омон бўлсин”, дея сўзини якунлаган блогер.
Шу билан бирга, “Turon24/7” Telegram-канали муаллифи Ўролжон Камолов ҳам канал ўз фаолиятини тугатганини маълум қилган.
“Ўтган йиллар давомида “Turon24/7” жамоаси дўстлари билан биргаликда сўз эркинлиги, адолат, халқ муаммолари, қонунийлик принциплари учун оз бўлсада, ўз ҳиссасини қўшишга уринди. Аксар ҳолларда мурожаатларни жойига чиқиб холисона ўрганишга ҳаракат қилдик. Бунда кимгадир ёқиш учун эмас, Аллоҳ ва виждон олдида адолат билан қалам тебратиш учун фаолиятимизни олиб бордик. Кўпчилик мансабдорларга фаолиятимиз ёқмаган бўлиши эҳтимол, бироқ халқ ва келажак авлод манфаати учун холисона ҳамда дадил фаолият юритдик. Қонунлар фақат қоғозлардагина мавжуд, судлар адолатли бўлмаган, ҳукумат халқ манфаати учун ишламайдиган, халқ қорин ғамидан бошқасини билмайдиган жамиятда дуррож ҳолига тушмаслик учун суриш керак!”, деган канал муаллифи.
Бундан ташқари, яна бир Қашқадарёда ишлаб келаётган Telegram-канал “Keshnews” ҳам ўз фаолиятини номаълум муддатга қадар тўхтатишини эълон қилди.
Қашқадарёлик блогерларнинг қамалиши
“AvtoblogUZ” Telegram-канали асосчиси Мақсуд Музаффаров ҳамда қашқадарёлик яна бир таниқли блогер Умид Каримов (“Капитан Каримов”) Ички ишлар ходимлари билан тортишгани учун қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳолатга нисбатан вилоят Ички ишлар бошқармаси изоҳ бериб, жанжал ростдан юз берганини тасдиқлаган.
Вилоят ИИБнинг иддао қилишича, шу йилнинг 29 май куни Шаҳрисабзда ИИБ ЙҲХБ ходимлари 2 та давлат рақамисиз, ойналари тўлиқ қорайтирилган ҳамда рухсатсиз қайта жиҳозланган Gentra автомашиналарига нисбатан ҳужжатларни расмийлаштиришда транспорт воситалари ҳайдовчилари (юқорида исмлари келтирилган блогерлар назарда тутилмоқда) ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан жанжал чиқариб, оммани ўзига қаратган.
Шундан сўнг блогерларнинг ҳар бирига 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Кейинроқ, жорий йилнинг 5 июнь куни Қашқадарёда фаолият юритувчи “Nasafnews.uz” интернет-нашри ўз фаолиятини якунлаганини эълон қилганди. Шунингдек, ушбу нашр раҳбари ҳамда “Капитан Каримов” блоги асосчиси Умид Каримов блог фаолиятини ортиқ юрита олмаслигини маълум қилди.
Бундан ташқари, яна икки нафар қашқадарёлик блогерлар – Отабек Ортиқов ҳамда “AvtoblogUZ” муаллифи Мақсуд Музаффаров фаолиятини тугатди.
Ўласи қилиб дўппосланган блогер
Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида яшовчи блогер Элмурод Одиловга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди. Хўш, воқеа қандай бошланганди?
Маълумотларга кўра, ўзини блогер деб таништирган Элмурод Одилов Яккабоғ тумани “Ибн Сино” маҳалласида жойлашган пилла маҳсулотини сақлаш омборхонасига борган.
Вилоят ИИБнинг баёнотига кўра, блогер шу ерда фермерларнинг ишига аралашиб, уларга турли номуносиб савол-жавоблар қилиши оқибатида ўрталарида жанжал келиб чиққан ҳамда ушбу жараёнда блогер фермерларни ҳақорат қилган.
Шундан сўнг пилла етиштирувчи фермерлар Одиловнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан Яккабоғ туман Ички ишлар бўлимига мурожаат қилган.
Блогерга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ҳамда 198-моддаси 1-қисми билан баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Яккабоғ тумани судига юборилган. Унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Қамоқни ўтаётган блогер Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятинининг адвокатига судга қадар Ички ишлар ходимлари томонидан калтакланганини айтиб ўтган.
LiveБарчаси