Сунъий тўсиқлар ҳали-хануз мавжуд – Сафоев монополия ҳақида

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 30 ноябрь куни бўлиб ўтаётган Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев мамлакат тадбиркорлик соҳасида давом этиб келаётган монополияга барҳам бериш масаласига тўхталди. 

“Бошқарув соҳасидаги ислоҳотларнинг ҳал қилувчи йўналиши бу – давлатнинг иқтисодиётга тўғридан-тўғри аралашувини қисқартиришдир. Замон иқтисодиётда Ҳукумат улуши катта бўлган тизимнинг рақобатбардош эмаслигини кўрсатди. Шу боис, маъмурий бошқарув ислоҳотларнинг ҳал қилувчи кўрсаткичи ва унинг асосий йўналиши – хусусийлаштириш ва монополияга барҳам беришдир”, дейди Сафоев.

Доимий равишда тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиб чиқувчи сенаторнинг айтганлари у мажлисдан бу мажлисга кўпинча режада ва қоғозда қолиб кетади. Масалан, ўтган ялпи мажлисларда айтилган инвесторларга ҳуқуқий кафолат бериш билан боғлиқ маъруза қанчалик оташин бўлмасин, аммо амалий натижасини кўрсатгани йўқ. Сафоев бу сафарги ўтли чиқишида қуйидагиларни қўшимча қилади: 

“Бу соҳада охирги уч йил мобайнида катта ўзгаришлар рўй берди. Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги 86 та лицензияланадиган фаолият тури ва рухсат бериш тартиб-таомили бекор қилинди. Натижада, хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаётлар сони 25%га кўпайди. Кўп тармоқларда рақобат ортди: шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари, мебель, текстил маҳсулотлари ишлаб чиқаришда. Аввал юқори даражада монополиялашган қурилиш материаллари, кабель маҳсулоти ва пул ўтказиш ҳизмати каби соҳада якка ҳукмронликка барҳам берилди. Умуман, мамлакатда монопол корхоналар сони икки баробар қискарди”. 

Содиқ Сафоев мамлакатда монопол компаниялар камайганига аминми? Монопол компаниялар вазият тақазоси билан камайган бўлса бордир, аммо Вазирлар Маҳкамаси мамлакатда божхона соҳаси бўйича жорий этаётган янги тартиб-таомиллар ортидан бошқа йўналишда монополлар вужудга келишига шароит яратиб бермаяптими?  

“Аммо бу соҳада ўз ечимини кутаётган тизимли масалалар кўзга ташланмоқда. 

Товар ва молия бозорларида давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектлар мавқеи баланд. Улар монополияларнинг 80 фоизини ташкил қилмоқда ва ўз назоратларида остида бўлган тузилмалар ташкил этиб рақобатга салбий таъсир кўрсатмоқдалар. Бугун бундай корхоналар сони 4,3 мингдан ортиқни ташкил этади.

Давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг самарасизлиги субсидия бериш, солиқ ва божхона имтиёзлари, имтиёзли кредитларни тақдим этиш шаклидаги давлат кўмаги билан қопланмоқда.

Молия ва капиталлар бозорларида давлат иштироки баландлигича сақланиб қолмоқда. Ушбу ҳолат ўз навбатида манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқармоқда ва бозор механизмларини ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда. Банк секторининг 83 фоизи давлат иштирокида фаолият кўрсатади. Тармоқ регуляторлари рақобатни ривожлантиришда сустлигича қолмоқда.

Табиий монополиялар томонидан қўлланадиган нархларни шакллантириш усули харажатларни тежаш ўрнига уларни кўпайтиришни рағбатлантиради”. 

Сафоевнинг фикрича олиб борилаётган ислоҳотларга қарамай, бозорда, реал ҳаётда ўзгаришлар, тадбиркорлар олдида турган тўсиқлар талайгина. 

“Бизнес субъектлари учун бозорга чиқишда сунъий тўсиқлар ҳали-хануз мавжуд. Натижада Жаҳон банки маълумотларига кўра тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг соф оқими паст даражада сақланиб қолмоқда. Иқтисодий эркинлик индексида Ўзбекистон 180 та мамлакат орасида 140-ўринни эгаллади.

Бу вазиятда, хукумат товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш Стратегияси бўйича “Йўл Харитасини” қабул қилишни тезлаштириш керак. Ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқкан ҳолда, бу соҳадаги фаолият юзасидан Сенат мунтазам равишда Монополияга қарши курашиш Қумитасининг ахборотини эшитиш амалиётини жорий қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди”, дейди Сенат раисининг биринчи ўринбосари.


Мақола муаллифи

Теглар

Ялпи мажлис Содиқ Сафоев

Баҳолаганлар

28

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made