“Сулҳ хавф остида”. Эрон ва АҚШ 21 соат музокара ўтказди
Олам
−
12 Апрель 7990 2 дақиқа
Кеча, 11 апрель куни Покистон пойтахти Исломобод шаҳрида АҚШ ва Эрон вакиллари ўртасида музокара бўлиб ўтди. Жараён 21 соат давом этган, бироқ айрим масалаларда келишмовчиликлар бор. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бағоий маълум қилди.
“Ушбу музокаралар 40 кунлик мажбурий урушдан кейин ишончсизлик ҳамда шубҳа муҳитида ўтди. Табиийки, биз бошиданоқ бир марталик учрашувда келишувга эришилишини кутмаган эдик. Буни ҳеч ким кутмаган эди”, дейди у.
Бундан олдин Теҳрон музокаралар жараёнининг муваффақиятини Вашингтон ниятларининг жиддийлиги, ҳаддан ташқари талаблардан воз кечиши ва республика манфаатларини тан олиши билан боғлаган.
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ҳам музокаралар келишув билан якунланмаганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, Америка делегацияси ўзларининг “қизил чизиқларини” жуда аниқ белгилаб берган: нималарда ён беришга тайёр ва нималарда йўқ, бироқ Эрон томони бу шартларни қабул қилмаган.
“Ёмон янгилик шундаки, биз келишувга эришмадик ва менимча, бу Америка Қўшма Штатларидан кўра Эрон учун анча ёмонроқ янгиликдир”, дейди Вэнс.
“Fars” маълумотларига кўра, Эрон Ҳормуз бўғози ва ядро энергетикаси бўйича АҚШ шартларига рози бўлмаган.
“Axios” нашри ҳам қатор келишмовчиликларга Теҳроннинг Ҳормуз бўғози устидан назорат ўрнатишда оёқ тираб олгани ва бойитилган уран захираларидан воз кечишни истамаётгани сабаб бўлганини ёзди.
“Музокаралардаги боши берк кўчага кириб қолиш ҳолати ўтган ҳафтада эришилган икки ҳафталик сулҳни хавф остига қўймоқда”, деб қайд этади нашр.
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс музокаралар келишувга олиб келмаганини баён қилгач, Покистондан учиб кетган.
“Tasnim” келишув йўқлигини АҚШнинг “ҳаддан ташқари юқори талаблари” билан боғлаган. Покистондаги музокаралар тахминан 21 соат давом этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Америка ҳарбийлари Ҳормуз бўғозини миналардан тозалашни бошлаганини, Эроннинг барча мина ётқизувчи кемалари эса чўктирилганини маълум қилганди.
Live
БарчасиЎзбекистонда зилзила содир бўлди
12 Апрель
Венгрияда Орбан ҳам сайловда овоз берди
12 Апрель