“SUHRAT”ми ё “SHUHRAT”? Ўзбекистонда медаль номини ёзишда хато қилиб келинган

Таҳлил

image

1994 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони ва имзоси билан мамлакат фуқаролари ва хорижий шахсларга топшириб келинаётган “Шуҳрат” медалида айрим хатоликлар кўзга ташланди. QALAMPIR.UZ’нинг аниқлашича, ушбу медаль билан тақдирланганларнинг кўпларига олд қисмига лотин алифбосида хато билан “Suhrat” деб ёзилган медаль тақдим этиб келинган. 

Кеча, 28 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият ва санъат соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонларни имзолагани ҳақида хабар берган эдик. Унга кўра, турли соҳаларда фаолият юритаётган 73 киши “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. 

“Шуҳрат” медали дастлаб 0,5 микрон қалинликда никель, кейин эса 0,25 микрон қалинликда тилла қотишма қопланган мис қотишмасидан тайёрланади ва қисман турли рангдаги эмаль берилган бўлади.

Медаль диаметри 34 миллиметрли доира шаклида.

Медалнинг олд томонида кўтарилиб келаётган қуёш нурлари ичида Ўзбекистон иқтисодий қудратининг рамзи бўлган манзара бўртма йўсинда тасвирланган.

QALAMPIR.UZ медалдаги хатолик билан боғлиқ маълумотларни қидириш асносида, Қонун чиқаришда юз берган яна бир хатолик устидан чиқди. 1994 йилнинг 5 май куни қабул қилинган “Шуҳрат” медалини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида “Медалнинг қуйи қисмида оқ эмаль фонида қабариқ ҳарфларда “SUHRAT” деган ёзув берилади. Ҳарфларнинг баландлиги 2 миллиметр. Медалнинг четлари икки томондан бўртма доира билан ҳошияланган”, деб ёзилган. Бундан кўриниб турибдики, қонун қабул қилиш жараёнининг ўзидаёқ катта хатоликка йўл қўйилган. Бу орада медаль ҳам “SUHRAT”, ҳам “SHUHRAT” деган ёзувлар билан чиққан ва мукофотланганларга тақдим этиб борилган. Айниқса, хато ёзилган медалларнинг кўп қисми Ислом Каримов раҳбарлик даврида, унинг имзоси билан топширилган. 

Медалнинг орқа томонида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган. Пастки қисмида медалнинг рақами 1 миллиметр катталикдаги ботиқ шрифт билан ёзилган.

Медалнинг қалинлиги 3 миллиметр.

Медаль республика Давлат байроғи рангларидаги йўл-йўл шойи мато сирилган беш бурчакли қадағич (колодка)га ҳалқа ва илмоқча ёрдамида уланади. Матонинг эни 24 миллиметр. Кўк, оқ ва яшил йўлларининг эни 7 миллиметрдан, қизил йўлларининг эни 1,5 миллиметр.Қадағичнинг бўйи 48 миллиметр, эни 45 миллиметр. Медаль тўғноғич билан тақилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони ва имзоси билан 25 йилдан буён топшириб келинаётган ушбу медалнинг хато билан чиқарилиши ва мукофотланганларга тақдим этилиши, йиллар давомида кўпчилик раҳбарлар буни пайқамаслиги, Президентнинг имзоси парвосиз туширилиши мамлакатнинг айрим юқори ташкилотларида фаолият юритаётган кадрларнинг саводхонлиги ҳаминқадар эканини кўрсатади. Қизиғи шундаки, медалнинг устидаги ёзув лотин алифбосида, унинг ҳақиқийлигини исботловчи ҳужжат эса кирилл алифбосида. Мамлакатда ҳамон икки алифбодан фойдаланиб келинаётгани эса ушбу хатонинг омилларидан бири, десак муболаға бўлмайди. 

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Шавкат Мирзиёев имзоси билан топширилаётган “Шуҳрат” медалида хатоликлар бартараф этилган, ҳужжат ҳам ўзгарган. Аммо уларда ҳамон лотин ва кирилл алифбосидан фойдаланилади. 

Бироқ, 1994 йилда қабул қилинган қонунда медаль номи расман “SUHRAT” экани келтирилган. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари миллий базасига ҳам медалнинг қуйи қисмида оқ эмаль фонида қабариқ ҳарфларда “SUHRAT” деб ёзилгани тасвирланган сурат жойлаштирилган

Маълумот ўрнида, “Шуҳрат” медали билан республика иқтисодиёти, фани ва маданиятини ривожлантириш, ёш авлодни ватанпарварлик ҳамда миллий истиқлол ва ижтимоий тараққиёт ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишида ўзининг ҳалол меҳнати билан катта ютуқларга эришган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар мукофотланадилар.

“Шуҳрат” медали билан Ўзбекистон Республикаси Президенти мукофотлайди. Медаль билан мукофотлаш тўғрисидаги Фармон матбуотда ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

“Шуҳрат” медали билан мукофотлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар раҳбарларининг ҳамда жамоат бирлашмалари республика органларининг тақдимномасига биноан амалга оширилади.

“Шуҳрат” медалини ва бу мукофотга оид тегишли ҳужжатни тантанали вазиятда Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки унинг номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига биноан бошқа шахслар топширади.

“Шуҳрат” медали билан мукофотланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг беш карраси миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти оладилар.

“Шуҳрат” медали билан мукофотланган шахслар қонун ҳужжатларида белгилаб қўйиладиган имтиёзлардан фойдаланадилар.

Медаль кўкракнинг чап томонига тақилади.

“Шуҳрат” медали билан вафотидан кейин мукофотланган тақдирда медаль, мукофотлаш тўғрисидаги ҳужжат ва бир йўла тўланадиган пул мукофоти мукофотланганнинг оиласига топширилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шуҳрат медали

Баҳолаганлар

135

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг