Суғурта фаолияти тўғрисидаги янги қонун қабул қилинди. Унда нималар белгиланди?
Жамият
−
25 Ноябрь 2021
11976Жорий йилнинг 23 ноябрь куни Президент Ўзбекистон Республикасининг “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонунни имзолади. Қонун 10 та боб ва 72 та моддадан иборатдир.
Унга трансчегаравий суғурта, қайта суғурта, биргаликдаги суғурта, суғурта (қайта суғурта) шерикчилиги, пруденциал нормативлар каби тушунчалар киритилган.
39-моддага асосан суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) АЖ шаклида ташкил этилади. Юридик шахс бўлган суғурта бозорининг бошқа профессионал иштирокчилари қонун ҳужжатларида назарда тутилган ташкилий-ҳуқуқий шаклларда ташкил этилади.
Ўзбекистон норезидентлари ҳам республика ҳудудида суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари бўлган юридик шахсларнинг муассислари (иштирокчилари) сифатида иш юритиши мумкин.
4-бобда суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг), суғурта брокерининг ҳамда уларнинг алоҳида бўлинмаларининг раҳбари ва бош бухгалтерига қўйиладиган талаблар белгиланган. Жумладан, раҳбар олий маълумотга эга бўлиши ва иқтисодий, молиявий, юридик ихтисосликка эга бўлган мутахассислар учун суғурта соҳасида камида уч йиллик иш стажи ва бошқа ихтисосликка эга бўлган мутахассислар учун суғурта соҳасида камида етти йиллик иш стажи мавжуд бўлиши керак. Бунда суғурта агенти сифатидаги, шунингдек ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходим лавозимларидаги иш стажи ҳисобга олинмайди. Бош бухгалтер бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги Қонунда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.
Суғурта фаолияти суғурталовчи ёки суғурталовчиларнинг бирлашмаси томонидан қабул қилинадиган Суғурта қоидаларига (бундан халқаро суғурта тизимлари доирасида қабул қилинадиган суғурта қоидалари мустасно) мувофиқ амалга оширилади.
Суғурта қоидаларига талаблар ва суғурта шартномасини тузиш тартиби 3-бобда белгиланган. Шунингдек, 31-моддада суғурта қилдирувчи ва суғурталовчи ўртасида электрон шаклдаги ахборот алмашинувининг ўзига хос хусусиятлари белгиланган. Электрон шаклда расмийлаштирилган суғурта шартномаси ва бошқа ахборот қоғоздаги ҳужжатга тенг ҳужжат деб эътироф этилади.
Шунингдек, Қонунга суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) томонидан пруденциал нормативларга ҳамда ички назоратга ва таваккалчиликларни бошқариш тизимига доир талабларга риоя этилиши мажбуриятини юклайдиган нормалар киритилган.
Пруденциал нормативлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
• устав фондининг (устав капиталининг) энг кам миқдорини;
• тўловга қобилиятлилик маржасининг етарлилик нормативини;
• суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) алоҳида таваккалчиликлар бўйича мажбуриятлари нормативини;
• суғурта захираларини шакллантириш ва жойлаштириш бўйича нормативни;
• ваколатли давлат органи томонидан белгиланган бошқа пруденциал нормативларни.
Ваколатли давлат органининг ички назоратга ва таваккалчиликларни бошқариш тизимига доир талаблари жумласига қуйидагилар киради:
• пруденциал талаблар учун молиявий, назоратга оид ҳисоботларнинг ва бошқа ҳисоботларнинг тўлиқлигини, ишончлилигини ҳамда ўз вақтида топширилишини таъминлаш;
• муҳим аҳамиятга молик таваккалчиликларни аниқлаш ва бошқариш, стресс-тестдан ўтказиш бўйича тасдиқланган сиёсатнинг, шунингдек муҳим аҳамиятга молик таваккалчиликларга ҳамда капиталга доир ҳисоботлар тизимининг мавжудлиги;
• суғурталовчи (қайта суғурталовчи) учун муҳим аҳамиятга молик таваккалчиликларни бошқаришга ва уларнинг самарадорлигини баҳолашга доир сиёсатнинг изчил амалга оширилиши ҳамда унга риоя этилиши;
• ички ҳужжатларда белгиланган таваккалчиликларнинг ва капиталнинг чекланган миқдорларига риоя этилиши, суғурталовчи (қайта суғурталовчи) таваккалчиликларни бошқариш бўйича қўллаётган тартиб-таомиллар самарадорлиги устидан кузатув кенгаши томонидан назоратни амалга ошириш.
Шунингдек Қонунда қуйидагилар белгиланган:
• ваколатли давлат органн томонидан қўлланиладиган чоралар ва санкциялар;
• лицензиянинг амал қилишини тугатиш учун асос бўладиган лицензия талаблари ва шартларининг бир марта қўпол равишда бузилиши;
• суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) тўловга қобилиятлилигини баҳолаш;
• суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан кўрсатиладиган хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чоралари ва бошқалар.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
LiveБарчаси