Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликлари суғурта қилинади
Жамият
−
16 Апрель
1631Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солинади. Бу 14 апрель куни қабул қилинган “Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунда белгиланган.
Қонунга кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқаришда қуйидаги бир ёки бир неча таваккалчиликлар бўйича қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаларини тузади:
- табиий ва техноген офатлар;
- ёнғин;
- ўсимликларнинг зараркунандалар ва касалликлардан зарарланиши;
- қишлоқ хўжалиги ҳайвонларининг юқумли касалликлари тарқалиши ва заҳарланиши;
- ёввойи ҳайвонлар томонидан экинларнинг пайҳон қилиниши ёки қишлоқ хўжалиги ҳайвонларига зарар етказилиши;
- учинчи шахсларнинг хатти-ҳаракатлари.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ушбу соҳада мувофиқлаштирувчи давлат органи ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалиги суғуртасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш суғурта мукофотларининг бир қисмини ҳамда етказилган зарарнинг суғурта мукофотлари ва қайта суғурта қилиш маблағлари ҳисобидан компенсация қилинмаган қисмини қоплаш учун бюджет субсидиялари ажратиш орқали амалга оширилади.
Ҳукумат томонидан қишлоқ хўжалиги суғурталовчиси сифатида Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармаси ташкил этилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.