Судьяликка номзодлар учун ёш талаби туширилиши мумкин

Жамият

image

Ўзбекистонда судья ва халқ маслаҳатчилари учун ёш цензи 35 ёшдан 30 ёшга туширилиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 8 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилган “Судьяларнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.

Қайд этилишича, ушбу ҳужжат судьяларнинг мақомини алоҳида қонун даражасида белгилаш ҳамда суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Қонун лойиҳаси билан судьялик лавозимига номзодлар учун айрим талаблар қайта кўриб чиқилмоқда. Хусусан, судья ва халқ маслаҳатчилари учун ёш цензини 35 ёшдан 30 ёшга тушириш кўзда тутилган.

Судьяни дастлаб 5 йилга, кейин эса муддатсиз даврга тайинлаш тартибини жорий этиш, судья, суд раиси ва раис ўринбосари лавозимларига қўйиладиган талабларни кучайтириш назарда тутилмоқда. Шунингдек, лойиҳада судьялар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари билан боғлиқ нормалар акс эттирилмоқда.

Лойиҳа билан “истеъфодаги судья” институти миллий қонунчиликка татбиқ этилмоқда. Истеъфодаги судьяга бошқа ҳуқуқлар қаторида профессионал медиаторлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи тақдим этилмоқда.

Бундан ташқари, Олий суд ва қуйи судлар аппарати фаолиятини янада самарали ташкил этишга доир айрим нормалар киритилмоқда.

Муҳокамаларда депутатлар судьяларнинг мақомини алоҳида қонун даражасида белгилаш суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, судьяларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.

Халқ вакиллари томонидан қонун лойиҳаси билан белгиланаётган нормаларнинг амалиётда самарали ишлашини таъминлашга қаратилган таклифлар билдирилган.

Мажлис якунида қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилиниб, иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида маромига етказишга келишиб олинган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг