Судьяларнинг “ставка”си қанча ёхуд бозорга солинган адолат

Таҳлил

Адолат — жамият учун энг керакли нарса. Суд эса, унинг сўнгги қўрғонидир. Аммо охирги вақтларда унинг деворларини баъзи бир “савдогарлар” тешиб ўтяпти. Улар қонунни эмас, долларларни муқаддас билишади. Судья курсисига ўтириб, кўзига адолат боғичини эмас, балки нафс пардасини тортганлар бугун инсон тақдирини ва давлатнинг ишончини бозоргир матоҳга айлантирди. 

Бугун адолат посбонлари унинг қотилига айланяпти. Судья болғасининг ҳар бир зарбаси қонуний ва ҳаққоний ҳукм олдидан янграши керак. Бу болға пора эвазига “сотилувчи” қарорларни эълон қилишда урилса, енгилгина бўлган шу оддий зарба инсонларнинг давлатга бўлган ишончини парчалаши шубҳасиз. Минглаб, ҳатто ўн минглаб доллар ҳақида гап кетар экан, бугун биз суд залларида қабул қилинаётган қарорлар ортида “ким ҳақ?” деган саволга эмас, “кимнинг пули кўп?” деган шафқатсиз ҳақиқатга тўқнаш келяпмиз. Аммо адолатни “оқ қилиб” юборганлар бугун қонун олдида “қора” бўлиб турибди. Уларнинг бир нечтасини кўриб чиқамиз.

Бир неча кун олдин Сурхондарё вилояти судининг судья катта ёрдамчиси 53 минг доллар билан қўлга тушди. У жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди иш юритувида бўлган жиноят ишини айбланувчилар фойдасига ҳал қилиб беришни ваъда қилган. Қайта баҳолаш тўғрисида суд ажримини чиқариш орқали 2 нафар судланувчига нисбатан аниқланган 6,3 млрд сўмлик зарар миқдорини камайтириб, уларга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлатиш ва дастлабки тергов даврида қўлланилган “қамоқ” эҳтиёт чорасини бекор қилдиришни ваъда берган. Эвазига судланувчиларнинг қариндошидан 53 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура органлари ходимлари томонидан унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилган.

Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси эса, 3 минг 600 доллар пора билан қўлга олинган. У ўз иш юритувидаги иқтисодий ишни кассация инстанциясида Гулистон шаҳрида фаолият юритувчи МЧЖ фойдасига ҳал қилиб беришни ваъда қилган ва пулларни қабул қилиб олган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда судья ашёвий далил билан ушланган.

Кейинги адолатни таъминлаши керак бўлган шахс одилликни “оқ қилиб” юборган вазият эса Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида кузатилган. Мазкур туман судининг 2022 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан, 1989 йилда туғилган аёлнинг 4 ёшли фарзанди вояга етгунига қадар собиқ эридан алимент ундириш белгиланган. Аммо ота ушбу қарорни қайта кўриб чиқиш тўғрисида судга мурожаат қилган. Судья эса, буни ўзи учун зўр имконият деб баҳолаган ва фойдаланмоқчи бўлган. Ўз иш юритувига келиб тушган ушбу аризага асосан, жорий йилнинг 27 февраль куни суднинг 2022 йилдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни мазмунан қайта кўришни 11 март кунига тайинлаган. Шунингдек, у ишни даъвогарнинг фойдасига ижобий ҳал этиб беришни ваъда қилган. Виждонни қаранг! Бу “адолати” эвазига ундан 300 АҚШ доллари талаб қилган, 300! Ёлғиз она, 4 ёшли боланинг ижтимоий ҳолатига таъсир кўрсатадиган жиноят шундай нархланган! Ўтказилган тезкор тадбирда “хотамтой” судья ашёвий далиллар билан ушланган.

Судьяларнинг пора билан қўлга тушиши деярли ҳар йили кузатиладиган ҳолатга айланиб қолди, афсуски. Масалан, 2025 йилнинг октябрь ойида Андижон вилояти жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар судининг собиқ раиси Юнусжон Эгамбердиев фирибгарлик ва пора бериш жиноятида айбланиб, 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинганди. 51 ёшли собиқ судья фирибгарлик, пора бериш билан бир қаторда Жиноят кодексининг 25-моддаси билан айблангани ҳам диққатни тортади. Унда жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш назарда тутилган. Хўп, ўзи у нима қилганди? Юнусжон Эгамбердиев 2025 йил май ойида муқаддам бошқа суд томонидан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддатини камайтиришни ваъда қилиб, судланган шахснинг онасидан 30 минг доллар миқдоридаги пулларни олган вақтда ушланганди. Эътиборли жиҳати шундаки, бу шахс 2013-2018 йилларда ЖИБ Асака туман суди судьяси бўлиб ишлаган. У судьялик лавозимида кейинги муддатга ўта олмаган. Шу сабаб маълум вақт тадбиркорлик билан шуғулланган. Сўнгра, бироз адвокат бўлиб ишлаган Эгамбердиев 2024 йил декабрь ойида 5 йил муддатга Хонобод шаҳар судининг раиси лавозимига тайинланган. Тадбиркорликдаги олди-бердилардан орттирган тажрибасини тақдирларга таъсир ўтказадиган тизимда ҳам ишлатмоқчи бўлган. Инсон ҳуқуқларини, адолатни, давлат тизимини нархлаган! Мана энди жазосини оляпти.

Ўзбекистон халқаро арбитраж ва ҳакамлик судларини ривожлантириш жамоат фонди ҳузуридаги доимий фаолият кўрсатувчи Наманган вилоят ҳакамлик суди судьяси ер масаласини ўзининг ваколатидан келиб чиқиб “секунд”да ҳал қилиб бераман деган! У Чуст туманида яшовчи шахсга мазкур туманнинг “Мустақиллик” МФЙдаги 6 сотих ер майдонида жойлашган, қурилиши тугалланмаган баҳсли нотурар бинога эгалик ҳуқуқини берувчи ҳал қилув қарорини чиқариб беришга ишонтирган. Бунинг эвазига 3200 доллар талаб қилган. Ўтказилган тезкор тадбирда келишилган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳокимлик тизимларидаги пора олиш услубини биласиз-а? Ҳоким ёрдамчилари ёки ўринбосарларининг коррупцион жиноят устида қўлга тушиши ёки тушавериши ҳатто мемларга ҳам сабаб бўлган. “Хамир учидан патир” ёки “соядаги султонлар” жумласини эслатиб юборади улар. Аслида, етиб бориши керак бўлган қўллар тепароқда эканини назарий жиҳатдан ва мантиқан кўпчилик англаса-да, амалда ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Чунки фақат факт “гапиради”.

Сурхондарё вилояти Термиз туман судининг судья ёрдамчиси ҳам 800 доллар пора билан қўлга тушган. У ҳам ўзи ишлайдиган туман судида кўрилаётган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш бўйича ҳуқуқбузарга нисбатан енгиллик яратиб бериши эвазига дастлаб 500 минг сўм пул маблағини олиб, қўшимча равишда 800 АҚШ доллари талаб қилган. У пулларни ўзининг қариндоши воситачилигида олмоқчи бўлган. Қаранг, эҳтимолий вазиятларга тайёргарлик даражаси қандай? Бироқ энди “қўлим ошга етди” деганда ҳаммаси ланжлашган, гуруч эмас, иш! Энди у ҳам долларлар ўрнига панжара ортида кун санаяпти.

Судьялар айрим ҳолларда ёрдамчиси орқали, баъзи вазиятларда ўзлари пора олса, ҳеч ўйлаб кўрдингизми, уларга фуқаролар ким орқали Бенжамин Франклин тасвири туширилган қоғозчаларни етказади? Навбатдаги ҳолат тушунишингиз учун мисол бўлиши мумкин. Ўтган йилнинг сентябрь ойида 6 минг доллар эвазига судьялар билан келишиб, манзил-колонияда жазо ўтаётган маҳкумни озод қилишни ваъда қилган адвокат ушланган. У Мирзачўл туманида яшовчи, 1981 йилда туғилган фуқаро билан ўзаро тил бириктириб, Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги манзил-колонияда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган маҳкумни Жиззах вилоят суд тизимидаги танишлари орқали оқлов ҳукми асосида муддатидан олдин озодликка чиқариб беришни ваъда қилган. Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура органлари ходимлари эса, унинг қўлига кишан таққан!

Судьялар билан боғлиқ ишлар ва жазоланганлар фақат шулар эмас. 2025 йилда 59 нафар судьянинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилган, жумладан, судьялик қасамёдини бузганлиги ҳамда Судьялар одоби кодекси талабларига риоя этмаганлиги учун 19 нафар судья лавозимидан озод этилган, 3 нафар судья жиноий жавобгарликка тортилган, 58 нафар судьянинг лавозимлари пасайтирилган. Судьялик ваколати муддати тугаган 33 нафар судья навбатдаги судьялик лавозимига нолойиқ деб топилган ҳамда 266 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилган. Бу статистика жорий йилнинг 12 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёевга Судьялар олий кенгаши раиси томонидан тақдим этилганди.

Суд тизимидаги коррупция нафақат моддий манфаатлар, балки судьяларнинг йиллар давомида маъмурий босимга қарамлиги ҳамда кадрлар танлаш жараёнидаги ёпиқлик сабаб ҳам оммалашгандир эҳтимол. Бунинг аччиқ оқибати жамиятда “жазо муқаррар” деган тамойил ўз кучини йўқотаётгани билан кўринди. Авваллари, бир судья бир жойга 10 йил муддатга тайинланар эди. Шунча давр давомида бир манзилда узоқ қолишини билган одамда табиийки инсоний инстинктлар сабаб фикрлар, қарашлар ва ўлчовлар ўзгариб кетиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун 2025 йил 24 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унга кўра, судьяларни навбатдаги ўн йиллик муддатга тайинлаш тартиби бекор қилиниб, судьялик лавозимларига номзодларни дастлаб беш йил муддатга, кейинчалик муддатсиз даврга тайинлаш тартиби белгиланади. Шунингдек, судьянинг касбий фаолиятини баҳолашда “ҳалоллик”, “касбий лаёқатлилик” ва “одоб қоидаларига риоя этиш” талабларининг аниқ мезонлари қонун даражасида белгиланади.

Ёдингизда бўлса, Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида коррупцияга йўл қўйиш – ислоҳотларга хиёнат ҳисобланишини таъкидлаб, мамлакатда бу иллатга қарши курашиш бўйича жорий йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қилган эди. Ҳатто судлар давлат ҳокимиятининг алоҳида бўғини сифатида “коррупциядан холи” тизимга айланишида намуна бўлиши лозимлиги айтилган. Бунинг учун Ўзбекистонда судья ва уларнинг оила аъзолари мол-мулкини декларация қилиш йўлга қўйилиши таклиф қилинганди. Суд мустақиллигини таъминлаш, судьяларни ташқи босимлардан ҳимоя қилиш учун Судьялар олий кенгаши ҳузурида ёш ва малакали кадрларни тайёрлаш учун Одил судлов академияси ташкил этилган. Унинг натижалари бир неча йилдан кейин билинса керак. Аммо ҳозир бир нима дея олмаймиз. Ҳар ҳолда статистика шуни кўрсатяпти.

Суд тизимидаги коррупция — бу шунчаки жиноят эмас, бу давлат органининг ичдан чиришидир. Адвокат “воситачи”, ёрдамчи “курьер”, судья эса “тадбиркор”га айланган тизимда адолат етим қолади. 10 йиллик қамоқ жазолари ва кишанлар — нафснинг аччиқ мевасидир. Токи судья курсисида ўтирган шахс ўзини қонундан устун, виждонидан эса чексиз узоқ деб билар экан, бу каби “тезкор тадбирлар” давом этаверади. Аммо халқнинг синган ишончини қайси жазо билан тиклаб бўлади?

Видео қаҳрамонлари бугун панжара ортида. Кеча бошқаларнинг тақдирини ҳал қилишдек масъулиятли иш берилган қўлларга бугун кишан тақилган. Бир нарса аниқ: пора билан ёпилган ишнинг, ноҳақ чиқарилган ҳукмнинг умри қисқа. 53 минг доллардан 300 долларгача пасайган “нарх-наво”лар аслида суд тизимидаги айримларнинг нафс даражасини кўрсатади. Тизим тозаланиши шарт, зеро адолат ўлган жойда давлат ҳам, миллат ҳам таназзулга юз тутади.


Мақола муаллифи

Теглар

пора жиноят бозор Судьялар Судьялар олий кенгаши адолат ставка “савдогарлар” адолат посбонлари иқтисодий ишлар Судьялар одоби кодекси Суд тизимидаги коррупция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг