Самарқандда “замналог” ва собиқ “замҳоким” пора билан тушди
3-саҳифа
−
19 Май 5324 2 дақиқа
Самарқанд вилоятида пора эвазига фермернинг қарзини ёпиб бермоқчи бўлган солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари ва лавозимдалигидан фойдаланиб танишини ишга жойлашни ваъда қилган собиқ ҳоким ўринбосари қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар қилди.
Билдирилишича, Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида фаолият юритувчи “Бухгалтерия маркази” давлат муассасаси ҳисобчиси қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликка нисбатан ҳисобланган 150 миллион сўмлик солиқ қарздорлигини ўзининг мансабдор таниши орқали камайтириб беришни ваъда қилиб, унинг раҳбаридан дастлаб 3 миллион сўм олган.
Сўнгра, у фермердан қўшимча тарзда 15 миллион сўм талаб қилиб, ушбу пул маблағини Булунғур тумани солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари билан бирга олган вақтида ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
2025 йилда Каттақўрғон тумани ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаган шахс ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, 1986 й.т. фуқарони туман тиббиёт бирлашмасига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 14 миллион сўм олган. Бироқ у берган ваъдасини бажармаган.
Ўтказилган тезкор тадбирда ҳозирда собиқ ҳоким ўринбосари бўлган мазкур шахс муқаддам олган пул маблағи ҳисобидан 1000 АҚШ долларини қайтариб берган вақтида, унинг ноқонуний ҳаракати фош этилган ва қўлга олинган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятида тадбиркорнинг ишини ҳал қилиб бериш эвазига 2 200 АҚШ доллар пора талаб қилган инспектор ушланган эди.
Live
Барчаси