Суд Ортиқхўжаевнинг “Универсам” жойлашган ерни тортиб олиш бўйича қарорини бекор қилди
Жамият
−
29 Январь 2021
11902Жорий йилнинг 27 январь куни Тошкент туманлараро маъмурий судида Юнусобод тумани Аҳмад Дониш ва Амир Темур кўчалари кесишмасидаги 65 та тадбиркорга тегишли бино ва иншоотлар жойлашган 6 га ер участкасини давлат ва жамият эҳтиёжи учун олиш тўғрисидаги ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу иш судья Д. Тошев томонидан кўриб чиқилиб, суднинг ҳал қилув қарорига кўра, аризачи “Uy ro'zg'or mollari” МЧЖ, “Nur sexri oshiyoni” МЧЖ, “Zar-ziynat biznes” МЧЖ, “Saida-baroka” ХК, “Glorius justice” МЧЖ, С. Росошанская ва “Emisun market” ХКнинг талаблари тўлиқ қаноатлантирилди.
Суд қарори билан Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 27 ноябрдаги “Ер майдонларида ободонлаштириш ва бузиш ишларини олиб бориш ҳақида”ги 1667-сонли, 2019 йил 31 декабрдаги “URBAN DEVELOPERS” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонасига ер майдонини ажратиб бериш ҳақидаги 1879-сонли ва Юнусобод туман ҳокимининг 2018 йил 18 декабрдаги “Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 27 ноябрдаги қарори ижроси ҳақида”ги 2102-сонли қарорлари ҳақиқий эмас деб топилди.
Қайд этилишича, ҳал қилув қарори устидан қарор чиқарилган кундан эътиборан 30 кун ичида Тошкент шаҳар маъмурий судига шу суд орқали апелляция тартибида шикоят берилиши ёки протест келтирилиши мумкин.