Субсидия ва электрон аукцион: балиқчиларга янги имтиёзлар берилмоқда

Жамият

image

Ўзбекистонда 2026-2027 йиллар балиқчилик соҳасида устувор давр этиб белгиланди. Бу ҳақда Президент жорий 2 июлда имзолаган “Балиқчилик тармоғини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда сўз боради.

Фармонга кўра:

  • балиқ етиштириш ҳажми 500 минг тоннага, совуқ сув балиқчилиги эса 20 минг тоннага етказилади;
  • Балиқчиликни ривожлантириш маркази ҳамда уни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади;
  • 2027 йилдан сув омборлари ва табиий сув ҳавзалари очиқ электрон аукцион орқали ижарага берилади;
  • тадбиркорларга қуёш панеллари, аэраторлар, наслли она балиқлар импорти, ёпиқ сув айланиш тизимлари (УЗВ) ҳамда омухта ем ишлаб чиқариш ускуналари учун субсидиялар ва компенсациялар ажратилади;
  • балиқчилик хўжаликлари учун қисқа муддатли ўқув курслари йўлга қўйилиб, хорижий мутахассисларни жалб этиш ҳам давлат томонидан қўллаб-қувватланади.

Ушбу ислоҳотлар балиқчиликни замонавий, рақобатбардош ва юқори самарадорликка эга тармоққа айлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳолини сифатли балиқ маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади.

Фармон билан Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида Балиқчиликни ривожлантириш маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади. Янги марказ балиқчилик соҳасида ягона давлат бошқаруви тизимини йўлга қўйиш, сув объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, илмий ёндашувларни кенг жорий этиш ҳамда тадбиркорларни тизимли қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади.

Шунингдек, марказ ҳузурида Балиқчиликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳам ташкил этилиб, соҳани молиявий рағбатлантиришнинг янги механизмлари жорий этилади.

Мазкур тизим балиқчилик тармоғини замонавий бошқарув асосида ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва соҳада янги инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг