Столтенберг Швеция НАТОга Вильнюс саммитида қўшилолмаслигини айтди

Олам

image

Жорий йилнинг 11-12 июль кунлари Вильнюсда бўлиб ўтадиган НАТО саммитида Швеция ҳар қандай ҳолатда ҳам альянсга аъзо бўла олмайди, чунки бу вақтга қадар ҳатто Анқаранинг розилиги билан ҳам Туркия томонидан ариза ратификация қилиниши имконсиз. Бу ҳақда бугун, 6 июль куни Брюсселда ўтказилган матбуот анжуманида НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг маълум қилди.

"Мумкин бўлган ва биз эришмоқчи бўлинган нарса – бу саммитдаги ижобий қарордир. Яъни Туркия Швециянинг аризасини ратификация қилишга рози бўлиши. Лекин ҳали қилинадиган ишлар бор. Ратификация душанба (10 июль) куни бўлмайди, лекин биз сиёсий ечимга эриша оламиз", деган Столтенберг Вильнюсдаги саммитда Швеция НАТОга аъзо бўладими, деган саволга жавоб бераркан.

Айтилишича, НАТО Бош котиби шу йилнинг 10 июлида Вильнюсда Туркия ва Швеция раҳбарлари билан томонлар ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этиш устида ишлашни давом эттириш учун учрашув ўтказади. Бош котиб бугунги учрашув якунлари бўйича ҳам олдинга силжиш бўлганини таъкидлаган. 

"Бугун биз муваффақиятга эришдик. Дам олиш кунларида ишлашни давом эттирамиз. Менинг вазифам Туркиядан Швеция аъзолиги бўйича кафолатларга эришишдир”, деган Столтенберг.

Маълумот учун, Швеция ва Финляндия 2022 йилнинг май ойида Шимолий Атлантика иттифоқига қўшилиш учун ариза берган, бироқ Туркия Курдистон ишчилар партиясини террорчи деб эълон қилишни ва 2016 йилда давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланганларни экстрадиция қилишни талаб қилиб, қўшилиш жараёнига тўсқинлик қилган. Ўтган йилнинг 28 июнь куни Мадридда НАТО саммити бошланишидан олдин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, ўша пайтдаги Швеция Бош вазири Магдалена Андерссон, Финляндия Президенти Саули Ниинистё ва Столтенберг ўртасида музокаралар бўлиб ўтган. Унинг якунида меморандум имзоланган. Бу ўзига хос йўл харитаси бўлиб, Стокгольм ва Хельсинкига НАТОга қўшилиш имконини бериши кўзланган. Жорий йилнинг 31 март куни Туркия парламенти Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиши ҳақидаги протоколни маъқуллаган, мамлакат 4 апрелда альянсга аъзо бўлган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Туркия парламенти спикери Нуман Куртулмуш Анқара талабларини бажаришдан бош тортаётган Швециянинг НАТОга кириши амалга ошмайдиган орзуси бўлиб қолишини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Швеция Столтенберг

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг