ССВ: Тиббиёт коллежларига қабул тартиби ўзгаради

Жамият

image

Жорий ўқув йилида тиббиёт коллежларига ўқишга қабул қилиш тартиби қандай бўлади? Қабул жараёнида қандай янгиликлар кўзда тутилган? Шу каби саволларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фан ва таълим бош бошқармаси мутахассиси Лутфия Юсупова жавоб берди.

“Тиббиёт коллежлари фаолияти тубдан ислоҳ қилиниб, ўқиш муддати 3 йилдан 2 йилга қисқартирилди. Илгари тиббиёт коллежларига ўрта мактабларнинг 9-синф битувчилари қабул қилинган бўлса, жорий 2019/2020 ўқув йилидан мактабларнинг 11 синф битирувчилари қабул қилинади. Шунингдек, янги “тиббий-ижтимоий иши” йўналишида таълим бир ярим йиллик этиб белгиланди. Эндиликда ёшларимиз тиббиёт коллежларида ҳамширалик иши, фармация, тиббий профилактика иши, стоматология иши, фельдшерлик иши, фельдшерлик-лаборатория иши, тиббий-ижтимоий иши каби 7 та йўналишда малакали мутахассис бўлиб етишиб чиқиш имкониятига эга бўлди”, деди вазирлик мутахассиси.

Юсупова тиббиёт коллежларига белгиланадиган квоталар ва имтиҳон жараёни ҳақида ҳам маълумот берди.

“Айни пайтда квоталар масаласида ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга асосан 2019/2020 ўқув йили учун ҳам ҳудудлардаги тиббиёт коллежларининг эҳтиёжи ва қамровига қараб давлат комиссияси қарори асосида квоталар ажратилиши режалаштирилган. Унга кўра, агар ўқиш истагини билдирган абитуриентлар сони белгиланган квоталардан ошиб кетса, қабул жараёни имтиҳон асосида ўтказилади. Тайёрланган лойиҳага кўра, бундай ҳолатларда ўқувчилар таълимнинг учта фан йўналиши — кимё, биология, она тили ва адабиёт фанларидан ёзма шаклда имтиҳон топширади. Ҳар бир фан учун алоҳида-алоҳида имтиҳон кунлари белгиланади. Ёзма имтиҳон саволлари давлат комиссияси маркази ходимлари томонидан тасдиқланган билет варақалари кўринишида бўлиб, ўқувчига ушбу ёзма ишлар учун 2 соат вақт ажратилади. Имтиҳоннинг эртаси куни жавоб варақалари махсус эълонлар ойнасига илиб қўйилади. Натижаларга кўра, ўқишга қабул қилинган ўқувчилар давлат грантлари ва тўлов-контракт асосида таълим олишади”, деб таъкидлади Юсупова.

Унинг сўзларига кўра, абитуриентлар мутахассислиги ва касби, ўқитиш тили, таълим муассасасини тугатганлиги тўғрисидаги маълумотни кўрсатган ҳолда таълим муассасаси раҳбари номига ариза, паспорт ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, умумий ўрта таълимни тугатганлик ҳақидаги ҳужжатнинг асл нусхаси, 3,5-4,5 ўлчамдаги 6 та фотосурат тақдим этишади. 

Юсупованинг таъкидлашича, бу йилда тиббиёт коллежларида иккинчи мутахассислик учун алоҳида ўрин ажратиш кўзда тутилмаган. Аммо иккинчи мутахассислик бўйича таълим олиш истагидаги фуқаролар, барча абитуриентлар қатори ажратиладиган квоталар асосида белгиланган тартибда имтиҳон топширишлари мумкин.

Қайд этилишича, жорий ўқув йилидаги қабул жараёни учун барча тиббиёт коллежларида қабул комиссиялари тузилган. Ота-оналар ҳамда ўқувчилар қабул билан боғлиқ барча саволларга қабул комиссияси орқали батафсил маълумот олишлари мумкин. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фан ва таълим бош бошқармасининг (71) 241-16-91 телефон рақамига мурожаат қилишлари мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

коллеж Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Баҳолаганлар

2033

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг