ССВ тиббиёт ходимларининг ишда ҳижобда юриши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди
Жамият
−
01 Апрель 2022
42821Аввалроқ Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғига асосан тиббиёт ходимларига “ҳижоб ва бошқа диний кийим-бошларда юриш” бўйича тақиқ олиб ташлангани ҳақида хабар берган эдик.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ходимларининг кийиниш маданияти билан боғлиқ хабарларга муносабат билдирди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фан ва таълим бошқармаси бошлиғи Ўктам Исмоиловнинг маълум қилишича, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш тиббиёт тизимининг энг муҳим вазифаси бўлиб, ушбу соҳа эгалари ўз юриш-туриши, кийиниши ва мулоқот маданияти билан барчага ўрнак бўлиши, касбдошларига, қолаверса, беморларга ҳурмат ва меҳр-мурувват кўрсатишлари лозим.
Шу боисдан 2022 йил 24 мартда Соғлиқни сақлаш вазирининг Тиббиёт ходимларининг одоб-ахлоқ Кодексини тасдиқлаш ҳақида буйруғи қабул қилинган.
Ҳужжат билан тиббиёт ходимлари ўз касбий мажбуриятларига риоя этишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур ҳужжатдаги вазифалар вазирлик тизимидаги барча корхона-ташкилотлар, олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларида ижро этилиши қатъий белгиланган.
“Буйруқнинг 2-иловаси “Муассаса ходимлари ва талабаларнинг муомаласи, кийиниш маданияти қоидалари” номли 3-бобида тиббиёт муассасасида фаолият кўрсатаётган ва таълим олаётган аёл ходим ва талабаларга алоҳида ва аниқ талаблар қўйилган.
Жумладан, мазкур бобнинг 3.1.2 бандида усти кийимнинг турлари халат ёки тиббий махсус кийим оқ рангли (бўлимлар орасидаги бошқа рангли махсус кийим ички тартибда тасдиқланиши лозим) табиий матодан, осон ва тез тозаланадиган, қулай кийиладиган, тор бўлмаган, бичими ортиқча, безаклардан холи, диққатни тортмайдиган, классик шаклдаги костюм ёки халатдан иборат бўлиши кераклиги келтириб ўтилган”, дейди Исмоилов.
Шунингдек, ушбу бобнинг 3.1.6 бандида аёл тиббиёт ходимлари ва талабалар оқ халат ва унга мос тоза ва махсус бош кийим кийиши, халат тиззадан пастда туриши, енги узун (фаслга қараб), классик услубда чет эл ва турли хил фирма ёрлиқларидан холи бўлиши аниқ ва батафсил баён этилган.
“Тиббиёт ходимларининг одоб-ахлоқ Кодексида келтирилган ушбу мезонлардан кўриш мумкинки, тиббиёт муассасаларида шифокор ва ҳамшираларнинг иш фаолияти давомида белгиланган меъёрлар асосида кийиниши қатъий белгилаб қўйилган.
Шундай экан, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлардан ушбу буйруқ мазмун-моҳиятини нотўғри талқин қилмасликларини сўраймиз”, дея сўзини якунлаган ССВ вакили.