СССРдан мерос вагонлар
Таҳлил
−
26 Июль
17005Одамлар фикрича, узоқ йўлга чиқиш учун энг хавфсиз транспорт бу поезд. Чунки унда автомобиллар каби ҳар куни ҳалокатлар юз бермайди. Тирбандликда қолиб кетмайди, ҳожатхонадан муаммо бўлмайди. Бир қарашда поездда узоқ йўлга сафар қилиш қулай ва хавфсиздек кўринади, аммо…
Яқин-яқинга қадар поездлар орқали сафарга отланиш арзон ва хавфсиздек туюлган бўлса, бугун асло ундай эмас. Тўғри, ҳалокатга учраш фоизлари кам, лекин вагонлардаги жиддий камчиликлар йўловчи таъбини хира қилиши бор гап.
Тармоқларда поездларнинг нархи ошиб, сифати ўзгармагани танқид қилиниши билан “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ бир неча йўналишдаги поездлар эскирганини айтиб чиқди. Хўш, ўзи Ўзбекистон қачондан поезд хизматларидан фойдаланишни бошлаган?
Маълумотларга қараганда илк темирйўл 1888 йил Амударё орқали 30 та кўприкнинг қурилиши билан Самарқандгача етиб келган. Ўтган аср бошларида поездлардан тижорат мақсадида фойдаланишган бўлса, вақт ўтиши билан улардан фақат тижорат эмас, йўловчи ташиш учун ҳам фойдаланишни бошлашди. Одамларнинг ҳам поездларга бўлган талаби ортди, албатта. Кўплаб йўловчилар енгил автомобиллар ҳали кўп бўлмаган бир пайтда поездлар орқали бир шаҳардан иккинчисига боришган. Улар учун поездда сафар қилиш арзон ва қулай вариант бўлган. Ўз даврида етарли шароитларга эга бўлган поезд вагонлари орадан I аср ўтибди ҳам-ки йўловчиларига хизмат кўрсатиб келмоқда.
Орангизда “нима учун I аср олдинги вагонлардан воз кечилмайди, ё темирйўлни ривожлантиришга маблағ йўқми?” дейдиганлар ҳам топилади. Аслида пул бор…
2023 йилда давлат бюджетидан айнан Транспорт вазирлигига 5 трлн 195 млрд сўм миқдорида пул ажратилган. 2024 йилда бу сумма 20 фоизга ошиб, 6 трлн 185 млрд 909,4 млн сўм пул ажратилган. Юқорида келтирилган сумманинг қанчаси айнан темирйўлларга берилгани бизга қоронғи.
Бундан ташқари, ҳар 6 ойда 7 миллиондан зиёд аҳоли темирйўллар хизматидан фойдаланишини ҳисобга олсак, бу соҳа ўзини тўлиқ бўлмаса ҳам қисман боқа олади. Йилига 14 млн фойдаланувчиси бор бўлган “Ўзбекистон темирйўллари” нинг бир йиллик даромадини тахминан ҳисобласак: бир киши учун 1 дона чипта нархини ўртача 250 минг сўм деб олиб, 250 мингни 14 миллионга кўпайтирамиз. Умумий сумма 3 трлн 500 миллиардга яқин бўлади. Бу дегани темирйўллар йиллик ўртача 4 трлн сўмга яқин даромад қилади. Бундан ташқари, йилига камида бир марта чипта нархлари ошади.
Масалан: 2022 йилда Тошкент-Қўнғирот йўналишида Бухорогача бориш чипта нархлари пласткарт вагонлари учун 120 минг сўмни ташкил қилган бўлса, 2024 йилда Тошкент-Қўнғирот йўналишида Бухоро вилоятига бориш 165 минг 760 сўмни ташкил қилмоқда. Бу дегани икки йилда бир йўналиш нархи 38 фоизга ошган.
2023 йилда Тошкент Шимолий вокзалидан Бухоро йўналишида ҳаракатланувчи “Афросиёб” поездининг билет нархи 173 минг сўм бўлган бўлса, унинг ҳозирги қиймати 403 минг сўм.
Тошкент Шимолий вокзалидан Навоийга борадиган “Шарқ” йўловчи поезди учун йўл ҳақи 132 минг 180 сўм бўлган, илгари унинг нархи 92 минг сўм эди.
Юқорида келтирилган нархлар фақатгина пласкарт вагон учун. Бундан ташқари, поездларнинг йўналиши ва русумига қараб, VIP, бизнес, эконом класслар ва ўриндиқли, купе, СВ классдаги вагонлар ҳам бор. Нархлар ҳам шунга яраша, албатта.
Йилда икки бор бўладими ё бир марта, чипта нархининг кўтарилиши, афсуски, сифатга заррача таъсир қилмайди. Буни биз эмас, йилига камида 4 бор темирйўл хизматидан фойдаланадиганлар айтмоқда. Исми сир бўлиб қолишини истаган йўловчи поездлардан кўп фойдаланади.
“Мен ўқийдиган университет пойтахтда бўлгани учун поезддан кўп фойдаланаман. Яқинда тўйим бўлди, турмуш ўртоғим Бухорода ишлаганлари сабаб ҳар 2 ҳафтада Тошкентдан Бухорога бориб келаман. Ҳозир ҳаво иссиқ, бундан ташқари, биз манзилга чўллардан ўтиб борамиз, поезд совутгичи ишламайди. Вагон ичида нафас олиб бўлмайди. Ходимларга шикоят қилсак, ҳозир ёқамиз, кондиционер озгина “дамини олсин” дейишади. Ҳар йили шу аҳвол, нега муаммоларга ёз келишидан олдин чора кўришмайди. Ёши катта одамлар иссиқда мазаси бўлмайди, бир амаллаб келдик. Шароитлар жуда ёмон, чипта нархи кўп ошади, аммо шароитлар яхшиланмайди.
“Афросиёб” поезди тез юради, деб унга чиқиб кўрдим, шароитлари яхшику-я, аммо чипта топиш қийин, топганимизда ҳам нархлари жуда қиммат. Ўзи 517 минг стипендия оламан, чипта нархлари эса бир ойлик стипендиямдан ҳам қиммат”, дейди талаба келин.
Яна бир талаба Сетора Жафарова ҳам 6 йилдир-ки поезд хизматларидан доимий фойдаланади. Унинг гапларига қараганда, поездларда ўзгариш бўлишини кутиш “хўроздан тухум кутгандек гап”.
“Доим билетларни онлайн харид қиламан. Харид қилганда кондиционерли билет учун тўлов қиламан. Поезд юргандан кейин эса кондиционер ишламайди, тўлаган пулимга куйиб қоламан. Бугунги кун талабларига вагонлар умуман жавоб бермайди. Шундай вазиятда яна билет нархлари кун ора ошади. Ошганига яраша қанийди вазият ҳам яхшиланса. Менимча, “Ўзбекистон темирйўллари” истеъмолчилар ҳуқуқларини бузяпти. Уларга нисбатан чора кўриш вақти келди, деб ўйлайман”, дейди йўловчи.
Темирйўллардаги шароит яхши эмаслигини нафақат талабалар, балки санъаткорлар ҳам айтяпти. Ижтимоий тармоқларда бир нечта санъаткорлар поезд вагонларида аҳвол ачинарли эканлиги ҳақида гапириб чиққанига кўзингиз тушган бўлса керак. Видеода айтилишича, поезд билетлари харид қилинаётганда уларга “вагонда кондиционер бор”, деб айтилган. Афсуски, купеда кондиционер ишламаган! Ўзимизни қора кўзларни қўйинг, поездларнинг эскилиги-ю тартибсизлигининг довруғи Эронгача етиб борди.
Эронлик машҳур саёҳатчи блогер Муизин Миратварий Ўзбекистонга келиб темирйўллар хизматидан фойдаланган ва у шундай изоҳ қолдирган:
“Вагонлар 19 асрлардаги Эронни эслатади, вагонларда ҳаво етишмайди, жуда иссиқ ва тартибсиз, сассиқ ҳидга чидаб бўлмайди. “Афросиёб” поездига билет топиш қийин. Чипта нархи 480 минг сўм, яъни 40 долларга яқин. Бу пулга Эрондан бошқа давлатга самолётда учиш мумкин”, деган эронлик блогер.
Албатта, тармоқлардаги эътирозларга “Ўзбекистон темирйўллари” жим турмайди. Ташкилот “дежурний” баёнот билан қутулади. АЖ доимгидек фойдаланилаётган айрим вагонлар ишлаб чиқарилганига 30 йилдан ошгани, техник шартларига кўра, ташқи ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқорилаб кетганда, тизимнинг совитиш самарадорлиги йўқолиши ҳақида айтиб, аравани қуруқ олиб қочди.
Вагонлар эскиргани, ўтган асрдан қолганини биламиз, буни унинг кўриниши ҳам, ичидаги шароитлари ҳам айтиб туради. Йўловчиларни қизиқтирадиган савол шу: вазият қачон бутунлай яхшиланади? Биз айтаётган муаммолар бугуннинг муаммоси эмас! Йиллар давомида айтилиб келинаётган ва ҳанузгача ечимини топмаётган муаммолардан бири аслида.
Бутун дунёда ҳар соҳада ривожланиш бўлгани каби поездлар ҳам кун сайин янгиланиб, замонавийлашиб бормоқда. Бугунги кун поездлари самолётлардек жуда тез ҳаракатланяпти. Шаҳарлар ва давлатларни бир-бирига боғлайдиган махсус тезюрар поездлар ишлаб чиқарилиб, фойдаланишга топшириляпти. Замонавий талаблар асосида жиҳозланяпти, совиткичлар, телевизорлар ва ҳатто интернет тармоқлари билан таъминланяпти. Хитой ва Японияда 300 км масофани атиги 1 соатда босиб ўтадиган поездлар одамларга хизмат кўрсатиб келаётгани дунё давлатлари қанчалик ривожланиб улгурганидан дарак беради.
Айрим давлатлар бундай вагонлардаги муаммоларга ечимни ўтган асрда топиб бўлган, бу тизимнинг янгиланадиган пайти ҳам аллақачон келиб бўлган.
"Ўзбекистон темир йўллари" бир неча марталаб танқид қилинган бўлишига қарамай, соҳада ҳалигача бирор қармоққа илингулик ижобий ўзгаришлар кўринмайди. Поездлардан ҳақли шикоят қиладиган йўловчилар кўп, чунки улар чипталар учун яхшигина пул тўлашяпти, бироқ шароитлар пулига яраша эмас. Ёзда иссиқ, қишда совуқ сабаб муаммолар келиб чиқадиган бўлса, нега уларга олдиндан тайёргарлик кўрилмайди? Бу саволга жавоб эса мавҳумлигича қолмоқда.
Зумрад Зарипова
LiveБарчаси