Спортга ажратилган 22 миллиард еб юборилди
3-саҳифа
−
15 Июнь 2022
177092019-2021 йилларда давлат бюджетидан спорт соҳасига ажратилган пуллардан 22,3 миллиард сўми талон-торож қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабар бермоқда.
Қайд этилишича, спорт, маданият, маданий мерос ва туризм соҳаларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ва унинг қуйи тармоқлари томонидан Президентнинг 2021 йил 5 ноябрдаги “Спорт-таълим муассасалари фаолиятини 2025 йилгача ривожлантириш дастури тўғрисида” ва “2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарорлари ҳамда соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси давлат спорт ташкилотлари ва спорт-таълим муассасаларида ўрганилди.
Ўрганиш доирасида 127 та текшириш ўтказилиб, 948 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган ва 356 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Шунингдек, 463 та объектларда ўрганишлар ўтказилиб, 26,1 млрд. сўмлик етказилган зарар аниқланган.
Текшириш давомида 9,8 млрд. сўмлик зарар ундирилиб, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 65 та жиноят ишлари қўзғатилган.
Хусусан, 2019-2021 йилларда:
• спорт-таълим муассасалари эҳтиёжлари учун ажратилган 19 та ҳолатда 6,4 млрд. сўм;
• спорт муассасаларини қуриш ва таъмирлаш учун 17 та ҳолатда 11,8 млрд. сўм;
• спорт жиҳозларини сотиб олиш учун 6 та ҳолатда 2,7 млрд. сўм;
• ўтказилмаган ўқув машғулот йиғинлари учун 5 та ҳолатда 1,4 млрд. сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.
“Спортни ривожлантириш вазирлиги ва тизим идоралари мутасаддилари, шунингдек, Бош прокуратура бошқарма катта прокурори Ш.Назаров иштирокида тизимда аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди”, дейилади БП ахборотида.
LiveБарчаси