Советни қўмсаган Пашинян. У Озарбайжонга қабул қилиб бўлмас талаб қўйди
Олам
−
14 Сентябрь 2022
19556Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон билан чегараларни делимитация қилиш Совет давридаги хариталарга мувофиқ амалга оширилиши кераклигини айтди. Бу ҳақда у бугун, 14 сентябрь куни мамлакат парламентидаги Ҳукумат соатида гапирган.
"Бизнинг фикримизча, Озарбайжон билан чегараларни делимитация ва демаркация қилиш Совет хариталари асосида амалга оширилиши керак. Агар Озарбайжон Арманистоннинг совет давридаги чегараларини тан олмаса, Озарбайжон Эрон билан чегараларни тан оладими ёки йўқми деган савол туғилади. Бу жавобни талаб қиладиган саволлар”, дейди у.
Маълумот ўрнида, Эронда арманлар ҳам, озарлар ҳам яшайди ва агар арман диаспораси 100 мингга яқин кишини ташкил этса, мамлакатда 15 миллионга яқин озар миллатига мансуб Эрон фуқаролари бор. Эроннинг умумий аҳолиси 82 миллион киши. Шундай қилиб, Эронда озар миллатига мансуб одамлар жами 10,3 миллионга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Озарбайжоннинг ўзидан ҳам кўп.
Иккинчи Қорабоғ уруши натижасида Жанубий Кавказда иккита муҳим чегара ҳодисаси юз берди. Биринчиси, Эрон ва Озарбайжон ўртасидаги умумий чегарага тегишли. Тоғли Қорабоғ жанубидаги Жаброил, Физули ва Зангелон шаҳарларининг қайтарилиши билан Эрон ва Озарбайжон ўртасидаги Аракс дарёси бўйлаб 132 километрлик чегара чизиғи Озарбайжон назорати остида шаклланди. Шундай қилиб, Совет Иттифоқи парчаланганидан ўттиз йил ўтгач, Эроннинг Озарбайжон Республикаси ва Нахичеван Мухтор Республикаси билан 750 километрлик чегарасини шакллантириш тугалланди.
Шу билан бирга, Тоғли Қорабоғнинг ғарби ва жануби-ғарбидаги Зангелон, Губадли, Лочин ва Калбажарнинг қайтарилиши билан Озарбайжон Республикаси ҳукмронлиги остида, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги чегаранинг бир қисмини шакллантириш тугалланди.
Қайд этиш жоизки, иккинчи Қорабоғ урушидан кейин Эрон ва Озарбайжон ўртасидаги 132 километрлик чегарани белгилашда алоҳида муаммолар бўлмаган.
Эрон ва Озарбайжон шу ерда жойлашган Худаферин ГЭСи қурилишининг якуний босқичини бошлаб юборган. Аммо Арманистон ва Озарбайжон Республикасининг янги чегараларини белгилаш икки давлат ўртасидаги узоқ йиллик таранглик ва Тоғли Қорабоғ бўйича келишувда, хусусан, Озарбайжоннинг Нахичеванга киришига оид 9-моддадаги ноаниқлик туфайли Баку ва Ереван ўртасида зиддиятларни келтириб чиқармоқда.
Турли сабабларга кўра Озарбайжон Республикаси ва Арманистон ўртасидаги келишмовчиликлар ва чегарадаги таранглик фақат икки давлат билан чегараланиб қолмай, Эронга ҳам таъсир кўрсатмоқда.
LiveБарчаси