Собиқ миллий хавфсизлик раисининг куёви ҳибсга олинди
Олам
−
17 Июнь 11035 4 дақиқа
Қирғиз Республикаси Ҳарбий прокуратураси Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Қамчибек Ташиевнинг куёви дея сифатида танилган Азамат Дийқанбоевни ҳам қўлга олди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар бонг урмоқда.
Жалолобод гарнизони ҳарбий прокуратураси МХДҚнинг собиқ ходими Азамат Дийқанбоевни қўлга олган. Унга нисбатан “Хизмат мавқеидан фойдаланиб фирибгарлик қилиш” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Ташкилот маълумотига кўра, Дийқанбоев Манас тумани ИИБнинг вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. Ҳозирда ишнинг барча ҳолатларини ва бошқа эҳтимолий иштирокчиларни аниқлашга қаратилган тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Айрим маълумотларга кўра, Дийқанбоев МХДҚнинг собиқ раиси Қамчибек Ташиевнинг куёви ҳисобланади. У турли йилларда миллий хавфсизлик органлари тизимида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Қирғизистоннинг Бишкек шаҳри Биринчи май туман судида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев устидан “75 лар хати” деб номланган иш бўйича суд жараёни давом этмоқда. Ушбу жиноят иши “75 лар хати” – бир гуруҳ сиёсатчилар ва жамоат арбобларининг мурожаати билан боғлиқ бўлиб, тергов талқинига кўра, унда ҳокимиятни алмаштиришга бўлган чақириқлар аломатлари мавжуд бўлган. Иш фигурантлари орасида МХДҚ собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев, собиқ бош прокурор Қурманқул Зулушев, Жогорку Кенеш собиқ спикери Нурланбек Тургунбек ўғли, шунингдек, мамлакатнинг бир қатор собиқ сиёсатчилари бор. Уларга нисбатан ҳокимиятни зўрлик билан тортиб олишга тайёргарлик кўриш ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш айбловлари илгари сурилган.
Ташиев истеъфоси
Жорий йилнинг 10 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод этилди. У ўз қарорини “жамиятда бўлинишга йўл қўймаслик” истаги билан изоҳлади. Қамчибек Ташиевнинг ўзи бу ҳақда Германияда юрак операциясидан сўнг режали текширувда бўлганида хабар топганини маълум қилди.
Ташиев ортидан унинг биринчи ўринбосари Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинди. Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Унинг ўрнини Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Рустам Мамасадиқов эгаллади.
2020 йилдан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизмати бошлиғи ва раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Шунингдек, шу куннинг ўзида Чегара хизмати давлат қўмитаси таркибидан чиқарилди.
Жапаров ва Ташиев тандеми
Маълумот учун, Қамчибек Ташиев 2020 йил 16 октябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган эди. Фармонни 2020 йил 5–6 октябрь воқеаларидан сўнг президент вазифасини бажарувчи сифатида Садир Жапаров имзолаган.
Қамчибек Ташиев ва амалдаги Президент Садир Жапаров ўртасидаги кўп йиллик муносабатлар мамлакатдаги энг барқарор ва таъсирли сиёсий иттифоқлардан бири сифатида баҳоланиб келган. Уларнинг ҳамкорлиги ҳокимият тепасига келишидан анча олдин бошланган: 2010 йиллар бошида улар бир неча бор сиёсий жараёнларда бир томонда бўлган, 2012 йилдаги умумий жиноий эпизодни ҳам бирга бошдан кечирган, бу эса уларнинг шахсий яқинлигини янада мустаҳкамлаган.
2020 йил октябрь воқеаларидан сўнг тандем якуний шаклга келди: Садир Жапаров Президент лавозимини эгаллади, Қамчибек Ташиев эса МХҚ раҳбари этиб тайинланиб, куч блокининг асосий таянчига айланди. Айнан у энг шов-шувли ишларни назорат қилган, куч сиёсатини шакллантирган ва амалда Президент жамоасининг энг яқин ишончли шахсларидан бири бўлиб келган.
Экспертлар орасида уларнинг иттифоқи кўпинча мамлакатдаги энг мустаҳкам сиёсий дуэт деб аталарди, Қамчибек Ташиев атрофидаги ҳар қандай кадр ўзгаришлари эса ҳокимият конфигурациясидаги жиддий ўзгаришлар белгиси сифатида қабул қилинар эди.
Сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбарининг бўлажак Президент сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қамчибек Ташиев эса бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Live
Барчаси