Сомалида миллионлаб одамлар очарчилик хавфи остида – БМТ

Олам

image

БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) Сомалида гуманитар вазият кескинлашаётганини маълум қилди. Бу ҳақда бугун, 20 февраль куни ташкилот сайтида хабар берилди.  

Ташкилотнинг фавқулодда вазиятлар бўйича раҳбари Росс Смит Женевада ўтган брифингда миллионлаб сомалиликлар очлик хавфи остида эканини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда кетма-кет икки йил мавсум қуруқ келган. Бундан ташқари, давом этаётган можаролар вазиятни янада оғирлаштирган.

Ҳозирда 4,4 миллион киши (аҳолининг қарийб чорак қисми) озиқ-овқат танқислиги инқирози ёки ундан ҳам оғир даражада яшамоқда. Шунингдек, 2 миллионга яқин бола тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда. Сўнгги 5 ой ичида қарийб 500 минг киши уйини тарк этишга мажбур бўлган.

Росс Смитнинг огоҳлантиришича, агар зудлик билан қўшимча маблағ ажратилмаса, кўрсатилаётган фавқулодда озиқ-овқат ёрдами бир неча ҳафта ичида тўгаши мумкин.

Молиялаштириш етишмаслиги сабабли 2025 йилда ёрдам дастурлари 50 фоизгача қисқартирилган. Ҳозирда очлик хавфи остидаги 4,4 миллион кишидан атиги 640 минг нафари ушбу ёрдамдан фойдаланмоқда.

БМТ халқаро ҳамжамиятни Сомалидаги миллионлаб аёллар, эркаклар ва болаларга эътибор қаратиб, зудлик билан молиявий ёрдам ажратишга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш жаҳон ташкилоти жиддий молиявий инқироз ёқасига келиб қолганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сомали очарчилик одамлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг