Солиқ кодексига ўзгартириш киритилади
Жамият
−
25 Ноябрь 2022
13402Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Солиқни ҳисоблаб чиқариш тартибининг айрим қоидалари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Қонун лойиҳаси, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг айрим моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи 4 та моддадан иборат. Хусусан:
1. 415, 422, 429, 437, 461 ва 462 моддаларига ўзгартиришлар киритиш орқали, 2022 йил 1 июлдан бошлаб тадбиркорлик субъектларининг бўш турган бинолари, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, шунингдек тугалланмаган қурилиш объектларига нисбатан қонунчиликда оширилган солиқ ставкаларини белгилаш йўли билан таъсир чоралари қўлланилиши бекор қилинмоқда.
2. 424 ва 425-моддаларига қўшимчалар киритиш орқали, доимий фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари билан тузилган ижара шартномаси асосида берилган ер участкалари бўйича ижара тўловлар ер солиғига тенглаштирилмоқда, шунингдек ушбу ер участкалари бўйича солиқ тўловчи аниқлаштирилмоқда.
3. 483-моддага қуйидагиларни назарда тутувчи қўшимачалар киритилмоқда:
а) мамлакатимизнинг 11 та вилоятидаги 47 та шароити “оғир” бўлган туманларида янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз ҳамда юридик шахслардан олинадиган ер ва мол-мулк солиқлари ҳисобланган суммадан 1 фоиз ставкада тўланиши белгиланмоқда;
Молия вазирлиги Вилоят ҳокимликлари билан биргаликда уларнинг ҳудудида жойлашган шароити “оғир” туманлар рўйхати шакллантирди.
б) 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда қуйидагилар:
• электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи электротехника тармоқ корхоналарига фойда солиғини ҳисоблашда янги технологик ускуналар қийматининг, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва (ёки) технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш харажатлари суммаларининг 30 фоизини биринчи йилда инвестициявий чегирма сифатида чегириш ҳуқуқини бериш;
• электротехника тармоқ корхоналарининг ихтисослаштирилган марказларига, уларнинг объектлари ва улар эгаллаган ер участкалари бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини, мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган суммадан 1 фоиз миқдорида, шунингдек ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича тўлаш назарда тутилмоқда.
в) 2020 йил 1 январдан 2023 йил 1 июнгача бўлган даврда жисмоний шахслар учун Солиқ кодекснинг 437-моддаси тўққизинчи қисмида назарда тутилган уч каррали ставкада солиқ ҳисоблаш тартибини тўхтатиб туриш белгиланмоқда.
Лойиҳанинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан қўшимча маблағлар ажратилишини талаб этмайди, бироқ йўқотишларга олиб келиши мумкин. Ушбу йўқотишлар 2023 йил Давлат бюджетида назарда тутилади.