Солиқ қўмитаси P2P ўтказмалари масаласида расмий тушунтириш берди

Жамият

image
Аввалроқ, Ўзбекистон ҳукумати банклар томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳисобварақлари ҳамда омонатларига оид маълумотларни солиқ органларига тақдим этиш тартибини тасдиқлашни назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиққани ҳақида хабар берилган эди. Солиқ қўмитаси ушбу қарор лойиҳаси бўйича тушунтириш берди.

Қўмитанинг маълум қилишича, айрим ОАВ нашрларида мазкур лойиҳа асосан жисмоний шахсларнинг омонатлари билан боғлиқ ташаббус сифатида талқин қилиниши ҳужжатнинг асл мазмунини тўлиқ акс эттирмайди.

Тушунтиришга кўра, лойиҳада амалдаги қонунчилик доирасида банклар ва солиқ органлари ўртасидаги ахборот алмашинувининг ягона қоидаларини белгилаш таклиф этилган. Унда солиқ назорати мақсадлари учун зарур бўлган маълумотларни тақдим этиш тартиби, муддатлари, шакллари ва электрон формати акс этган.

Қўмитанинг билдиришича, лойиҳа солиқ органларига янги ваколатлар бермайди, банк сирини бекор қилмайди ҳамда фуқаролар ёки тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларига эркин кириш имкониятини назарда тутмайди. Банклар солиқ органларига маълумотларни фақат қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда тақдим этишга ҳақли.

Солиқ органларининг тегишли ваколатлари Солиқ кодексининг 134-моддасида мустаҳкамланган. Шунингдек, “Банк сири тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, банк мижозининг солиқ солиш масалалари бўйича банк сирини ташкил этувчи маълумотлар фақат қонунчиликда белгиланган тартибда давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилиши мумкин.

Бунда солиқ органлари томонидан олинган маълумотлар солиқ сири ҳисобланади. Уларни ошкор этиш, учинчи шахсларга бериш ёки белгиланган мақсаддан ташқари фойдаланиш қонун билан тақиқланади.

Қайд этилишича, бундай ахборот алмашинуви механизмлари халқаро амалиётда, жумладан, ИҲТТ мамлакатларида қўлланилади ва жаҳон стандартларига мос келади. Ўзбекистон ҳам Солиқ мақсадларида шаффофлик ва ахборот алмашинуви бўйича глобал форумга қўшилгани боис мазкур соҳада аниқ ва шаффоф қоидалар мавжуд бўлиши керак.

Ҳужжат жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган. Солиқ қўмитаси муҳокамада фуқаролар, тадбиркорлар, экспертлар ҳамжамияти, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакилларининг конструктив иштирокидан манфаатдор эканини билдирган.

Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг