Солиқ қўмитаси Аксилкоррупция агентлигига раддия берди
Жамият
−
25 Декабрь 2021
11053Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан улуши Давлат солиқ қўмитасига тегишли бўлган айрим кўчмас мулклар ҳақидаги маълумотлар қўмитанинг расмий ахборот манбалари орқали эълон қилинмаганлиги ҳақида хабар берди. Солиқ қўмитаси тарқалган хабарларга расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида очиқ маълумот сифатида эълон қилиниши лозим бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқланиб, қўмита расмий веб-сайтининг очиқ маълумотлар бўлимига жойлаштириб борилади.
“Шу жумладан, қўмита тасарруфидаги корхоналар ҳамда таълим муассасалари тўғрисидаги маълумотларнинг (қуйи ташкилотлар маълумотлари) энг сўнггиси 2021 йил 18 октябрда жойлаштирилган. Ушбу маълумотлар билан боғлиқ ўзгаришлар бўлганда тегишли тартибда янгилаб борилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Давлат солиқ хизмати органига алоқадор маълумотлари ҳақиқатга мос келмайди”, дейилади ДСҚ хабарида.
Таъкидлаш жоизки, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўрганишлар ўтказиб, 10 дан ортиқ давлат органлари ва ташкилотлари, жумладан, Молия, Адлия ва Халқ таълими вазирликлари, шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Судьялар олий кенгаши, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қашқадарё, Андижон, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликларитомонидан Фармоннинг юқоридаги бандлари ижросини таъминлашда қатор камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланганини маълум қилганди.
LiveБарчаси