Солиқчи каналда чўкаётган ўқувчини қутқариб қолди

Жамият

image

Жорий йилнинг 22 ноябрь куни Бухорода Давлат солиқ инспекцияси ходими чўкаётган болани қутқариб қолди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси хабар берди.

22 ноябрь куни соат 15:30 лар атрофида Бухоро вилояти Ромитан тумани ДСИ инспектори Суннат Жумаев ҳамкасби Ҳусниддин Хайриддинов билан туманнинг “Алишер Навоий” МФЙ ҳудудига жисмоний шахсларнинг солиқ қарзини ундириш учун борган.

ДСИ ходимлари “Хайробод” канали ёнидан ўтиб кетаётганларида чўкаётган ёш болани кўриб қолган. Суннат Жумаев зудлик билан машинани тўхтатиб, ҳеч иккиланмай ёрдам бериш мақсадида ўзини сувга отган. Ҳаво ҳарорати -2 даража бўлишига қарамай, Жумаев чўкаётган болани қутқариб қолган.

Канал атрофида йиғилган аҳоли вакиллари болани таниб, зудлик билан кийимини алмаштириш ва исиниб олиши учун уйига олиб кетган.

Аниқланишича, қутқариб қолинган бола Шаҳромбек Зарипов бўлиб, у Ромитан туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабининг 3-синфида ўқийди. Ўша куни у ўқишдан қайтаётган маҳал сув солинган идиши (термоси)ни тўсатдан каналга тушириб юборган. Уни олиш илинжида бола тез оқаётган, паст ҳароратли сувга тушиб, тўғри ҳаракатлана олмаган.

Ҳозирда бола ўзини яхши ҳис қилиб, соғлиғига ҳеч қандай зарар етмаган. Унинг яқинлари Жумаевга миннатдорлик билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Бухоро чўкиш

Баҳолаганлар

121

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг