Сохта ногиронлик ҳужжатлари можароси фонида Украина Бош прокурори ишдан кетди
Олам
−
22 Октябрь
4591Украина Бош прокурори Андрей Костин ёлғон ногиронлик ҳужжатлари билан боғлиқ можаро сабабли лавозимидан истеъфо беришга қарор қилди. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратураси хабар берди.
“Украина Президенти бугун давлат идоралари мансабдорлари томонидан ёлғон ногиронлик ҳужжатлари билан боғлиқ ахлоқий жиҳатдан ноқулай вазият бўйича хавфсизлик кенгашини ўтказди. Ҳозирда давлатнинг ҳар бир даражасида текширувлар ўтказилмоқда ва жиноят ишлари суриштириляпти. Мен бу вазиятда лавозимимдан озод этилишни тўғри деб ҳисоблайман”, деди Костин.
У, шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг ёлғон ногиронлик гувоҳномасини бериш бўйича барча ноқонуний қарорларни бекор қилиш позициясини тўлиқ қўллаб-қувватлаётганини таъкидлаган. Костин давлат раҳбарига ва Олий Радага ишончи учун раҳмат айтган.
Маълумот учун, аввалроқ Зеленский мансабдорларнинг ногиронлик олишдаги суиистеъмолликлари тўғрисида Украина хавфсизлик ва мудофаа кенгашини йиққан.
“Кўплаб қонунбузарликлар ва шубҳали ногиронликлар ҳақида фактлар аниқланди. Мен Украина Бош вазирига масалани марказий ижроия органлари, хусусан, тегишли вазирликлар даражасида ҳал қилишни буюрдим. Кадрлар бўйича қарорлар зарур”, деган Зеленский.
Давлат раҳбари, шунингдек, Украинада ногиронлик гувоҳномаларини берувчи тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларини (МСЭК) тугатишни буюрган. Унинг сўзларига кўра, МСЭК ходимларининг декларациялари текширилади, асослантирилмаган ногиронлик қарорлари қайта кўриб чиқилади ва пенсия тўловларига аудит ўтказилади. Президент фармонига кўра, тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялар 2024 йил 31 декабрга қадар тугатилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украиналиклар сафарбарликни кечиктириш учун 37 минг долларга “оқ чипталар” (соғлиғи сабабли ҳарбий хизматдан озод қиладиган ҳарбий чипталар) сотиб олаётгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси