Соғлиқни сақлаш тизими инқирозга юз тутдими? Сўз Боситхоновага
Интервью
−
09 Июль 2020
16800Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кун сайин ортмоқда. Кеча, 8 июль куни 422 та янги ҳолта аниқланган. Беморларнинг 5 нафари вафот этди. Коронавирусга қарши кураш штаб аъзоси Ҳабибулла Оқилов эса кеча бўлиб ўтган брифингда соғлиқни сақлаш тизимининг ресурслари поёнига етганини маълум қилди. Шундан келиб чиқиб мамлакат соғлиқни сақлаш тизими инқироз ҳолатини бошдан кечирмоқда дейиш мумкинми? QALAMPIR.UZ ушбу савол билан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхоновага юзланди.
“Йўқ. Биласизми, давлатимиз раҳбари 2017 йилда соғлиқни сақлаш тизимига бағишланган олтита селектор ўтказдилар. Бўлиб ўтган селекторларнинг барчасида ҳамду санолар ўқилмади, хатолар таҳлил қилинди ва ечим йўллари кўрсатилди. Тез-тез ўтказиладиган селекторда, ёш олимларни етиштириш, ёш мутахассисларни чет элларга олиб бориб ўқитиш, илмий марказларнинг ҳудудларга бориб ишлаши, қабулларда иштирок этиш масалалари муҳокама қилинди. Давлат раҳбари буни қўл бошқаруви дейдилар, тизим ишламаганда қўл бошқаруви билан биз ҳар бир мурожаат этган фуқарога амалиётда, даволашда, реабилитацияда муаммоларини ҳал қилдик.
Агар Сovid-19 вужудга келмаганда, биз ютуқларимизни кўпроқ кўрар эдик. Мен яхши эслайман авваллари юракни операция қиладиган хирург Ўзбекистонда бир ёки иккита эди. Ҳозир юзлар йигитларимиз бор ва улар пенсия ёшида эмас, балки ёш, навқирон йигитлар. Уларни ёшида операция қилиш бир одамни иши эмас, балки бир дона операцияда катта жамоа ишлайди. Оғриқсизлантирувчи, қон қуювчи, моддий техника базасини таъминлаш командаси. Бизда шундай командаларимиз бор.
Лекин бирламчи тизимда ҳали қиладиган ишларимиз кўп: аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзи, ҳаракатланиш, тўғри овқатланиш. Бу борада бир кун эмас 365 кун ишлашимиз керак. Давлатимиз раҳбари қайта-қайта айтадилар, мен ўзимни фаолиятимда ҳам бирламчи тизимга жуда катта эътибор беришим керак эканини биламан ва бу борада ишларни янада кучайтирамиз”, дейди Элмира Боситхонова.
Маълумот ўрнида, айни вақтда Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар 11 259 нафарни ташкил этмоқда. Беморларнинг 7060 нафари соғайган, 48 нафари вафот этган.
LiveБарчаси