Отнинг феъли эгасига маълум ёхуд Мусаев нега бунча уятда қолди?
Интервью
−
06 Апрель 2022
39248Ўзбекистонда коррупцияга мойил соҳаларнинг учтасидан бири – Соғлиқни сақлаш тизими бўлиб қолмоқда. Буни ҳатто Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев ҳам тан олади. У кеча, 5 апрель куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг мажлисида иштирок этиб, бундан уялишини ва ўзига ачинишини айтди.
“Энг ачинарлиси ҳақиқатан коррупцияга мойил соҳаларнинг учтасидан бири бу – Соғлиқни сақлаш тизими бўлиб қолмоқда. Бу биз учун жуда ҳам уятли ва ачинарли ҳол. Бу йил давлат бюджетидан 24 трлн сўм маблағ айнан ССВга ажратилган, бу эса давлат бюджетининг 12 фоизни ташкил қилади. Соҳада 500 мингдан ортиқ ходим ишлайди. Биз коррупцион ҳолатларни тўлиқ бартараф этишга ҳаракат қиляпмиз”, дейди Мусаев.
Вазир сўзи давомида соҳанинг коррупцияга мойиллик томонларини тизимли ўрганишда 7 та асосий ҳолатларни айтиб ўтди.
Мусаевга кўра, муаммоли йўналишлардан бири дори-дармон ва турли зарур жиҳозларни харид қилиш, яъни Давлат харидларида шаффофликни таьминлаш.
Ёдингизда бўлса жорий йилнинг 18 март куни Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан ўтказган очиқ мулоқотида тиббиётдаги ордер тизими таниш-билишчилик бўлиб кетгани, ҳақиқий эҳтиёжи борлар қолиб, бошқалар ордерга эга чиққанини танқид қилган эди. Беҳзод Мусаев ҳам айнан шу масала жуда муҳим экани, бу борада ҳар бир вилоятда электрон тизим орқали йўлланма бериш бўйича иш олиб борилаётганини маълум қилди.
“Касалларга йўлланма бериш масаласи ҳам жуда муҳим. Бу ҳақда шахсан Президентни ўзи ҳам ордер тизими коррупцияга айланганини айтиб ўтди. Йўлланмаларни электрон шаклида бериш тизими ишга туширилди. Лекин, буни ҳар бир бирламчи тизим жорий қилишга улгургани йўқ. Ишчи гуруҳ ҳар бир вилоятда йўлланмани электрон тизим орқали берилиши устида иш олиб бормоқда. Соғлиқни сақлаш тизимида 2000 мингдан ортиқ поликлиникалар бор ва уларнинг ҳар бирини қамраб олишимиз керак”, дейди Мусаев.
Вазир коррупцион омилларнинг учинчисига тўхталаркан, тиббиёт муассасаларидаги “ўлик жон”лар ортидан бюджет маблағлари ўмарилганини ҳам урғулади.
“Коррупциоген ҳолатлардан [яна бири] ишга қабул қилиш жараёнида “ўлик жон”ларни сақлаш эвазига бюджет маблағларини ўзлаштириш, ишга қабул жараёнида тамагирлик қилиш. Ҳаммани олдида гапиришга уяламан, ҳаттоки оддий ҳамширадан ҳам маблағ сўраш каби ҳолатларга ҳам дуч келдик. Ҳозир соғлиқни сақлаш тизимида ягона кадрлар ахборот тизимини жорий қилдик. Бу билан биз очиқ-ойдин қайси ҳудудда бўш вакансия борлиги ҳақида маълумотга эга бўла оламиз. Икки ой ичида тўлиқ бу тизимни ишга туширсак, ишга қабул жараёнлари ҳам шаффофлашади”, дейди Беҳзод Мусаев
Соғлиқни сақлаш вазири кейинги муаммога тўхталаркан соҳада ўқув муассасаларидаги тамагирлик халқ тили билан айтганда, “суюнчи пули” деб ном олган ҳолат болалагани, беморларни шифохонага ётқизиш масаласи билан боғлиқ бўлган тамагрлик ҳолатлари ҳам йўқ эмаслигини тан олди.
“Шу билан бирга турли ҳудудларда лаборатория хизматларини турли хусусий корхоналарга ҳеч қандай шартномасиз, тарифни билмасдан бериш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида бу нарсага нуқта қўйдик. Эндиликда ҳудудлар бўйича шу йўналишда ҳам ишлар амалга ошириляпти”, дейди вазир.
Мусаевга кўра, соғлиқни сақлаш тизимига тегишли бўлган ер майдонлари ва кўчмас мулклар айнан ССВ ходимлари томонидан асоссиз равишда бегоналаштирилиб, буйруқларга имзо қўйиб юборилган.
“Соғлиқни сақлаш тизимига тегишли бўлган жуда катта ҳудудларда ер участкалари ва кўчмас мулклар мавжуд. Уларнинг ичида ҳозирча ишлатилмаётган, бўш турган лекин, жойлашув нуқтаи назаридан шаҳар, туман марказларида кўркам нуқтада жойлашган ер участкаларимиз бор. Уларни бегоналаштириш бўйича ўзимизни ходимлар ҳеч қандай асоссиз буйруқларга қўл қўйиб юборишган. Бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига маълумот берганмиз”, дейди бошини эгиб уялаётган вазир.
Аслида балиқ бошидан... Ижтимоий соҳалар – таълим ва соғлиқни сақлашда ўқитувчи ва шифокорлар, ҳамшираларни коррупция йўлига етаклайдиган қоғозбозликлар, ҳужжатбозликлар талайгина. Ишга кирган, ўзига тўғри ходим ана шундай отангга бор, онангга борлар билан қандай қилиб қўли эгри бўлиб қолганини билмай қолса ҳам керак. Вазирнинг ҳам уяти шундан бўлса, не ажаб. Ахир отнинг феъли эгасига маълум, деб бежиз айтишмайди-ку.
“Ҳаммага яхши маълум ҳамшира ҳам, шифокор ҳам малака сертификатига эга бўлса, биринчи тоифа учун унга қўшимча устама берилади. Бу йўналишда ҳам қилинадиган ишлар бор. Малака сертификатини беришда шаффофликни таъминлашимиз жуда муҳим. Қўпол бўлса ҳам айтиш керак, бу сертификатни бериш учун “ставка”лар ҳам мавжуд экан. Ҳозир тизимда бунга қарши қаттиқ курашмоқдамиз”, дейди Соғлиқни сақлаш вазири.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь