Содиқ Сафоев яккамоховлик, Яқин Шарқдаги ҳодисаларнинг Ўзбекистонга таъсири ҳақида
Жамият
−
26 Февраль 2020
9332Ўзбекистон раҳбарияти биринчи бор дунёдаги хавфлар ва уларнинг мамлакат сарҳадларигача яқин келиб қолаётгани ҳақида бу йил гапирди. Давлат раҳбарининг жорий йилнинг 21 сентябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг биринчи ялпи мажлисида сўз олиб, Яқин Шарқда бўлаётган воқеа-ҳодисаларнинг шамоли Ўзбекистонга етиб келаётгани, қуролли тўқнашувлар чегараларгача яқинлашаётгани ҳақида гапирган эди.
Хўш, бугун дунёда аҳвол қандай? Маданият, санъат, туризм, инвестиция деб бор урилгани билан дунёнинг холи кўзни каттароқ очиб қараганда кундек рашванлашади. Айтайлик, коронавируснинг ўзи ҳар қандай қуролдан кучли келиб, ҳам қирғинга сабаб бўлмоқда, ҳам иқтисоднинг томорини қирқмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев дунёда кечаётган бугунги жараёнлар ҳақида шундай дейди:
“Ташқи сиёсатнинг, Ўзбекистон дипломатиясининг бугунги аҳволи ютуқлари ва истиқболлари ҳақида гапирганимизда, биз доим бир нарсани эсда тутишимиз керак. Ҳар бир давлатни, жамиятни, шу жумладан унинг ташқи сиёсатини алоҳида кўриб бўлмайди. Бу умумий жараённинг бир қисми. Яъни сиёсатшуносларнинг ибораси билан айтганда, контекстда кўра билиш керак.
Бугунги дунёни нотинч дунё, десак тўғри бўлади. Кўпинча буни англамаяпмиз, кўрмаяпмиз. Дунёда бўлаётган жараёнларга биз бефарқ бўлолмаймиз ва шуни инобатга олган ҳолда биз ўз сиёсатимизни қура билишимиз керак. Қисқа қилиб айтганда, бугунги дунё глобаллашувни бошдан кечирмоқда. Биз хоҳлаймизми, хоҳламаймизми бу объектив жараён. Уни на бекор қилиб ва на тўхтатиб бўлади. Бу инсоният тарихан етиб келган жараён.
Бу катта имкониятларни яратади. Капитал, ишчи кучи, товарларнинг ҳаракати, интеграцияни талаб қилади. Глобаллашувнинг энг муҳим талабларидан бири халқаро боғлиқлик. Ким шуни англаса, ўша мамлакатлар ютиб чиқади. Ким ўзини четлатиб, яккамохов бўлиб қолса, ҳеч қачон у ўз мақсадларига эриша олмайди. Очиқлик – бу бугунги кундаги муваффақиятнинг гаровидир. Очиқлик деганда, савдога, информацион алмашинувга, мулоқотга очиқлик назарда тутиляпти. Албатта, инвестициялар ҳам шунинг бир қисми. Инвестициялар – очиқликнинг оқибати, ҳосиласи”.
Глобаллашувнинг салбий оқибатларидан бири сифатида айни кунларда коронавируснинг бутун дунёга қулоч ёзаётганини кўриш мумкин. 2019 йил охирида Хитойдаги провинцияда тарқалган вирус бугун Ўзбекистон чегараси – қўшни мамлакатларгача етиб келди. Ундан зарарланганлар 81 мингдан ортиқ. Қурбонлар эса 2771 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда гапираркан, Содиқ Сафоев шундай дейди:
“Шуни ҳам биламизки, глобаллашув нафақат имкониятлар, балки таҳдидлар ҳам. Чунки, мамлакатларнинг ўзаро боғлиқлиги шундаки, бир таҳдид бир ҳудуд ё бир мамлакатнинг ададлари билан чеклана олмайди. Бугунги кунда ҳар бир муаммо эртами ё кеч, албатта, қўни давлатларга, минтақага ва бутун дунёга ўз таъсирини кўрсатади.
Масалан, халқаро терроризм. Илгари халқаро эмас, терроризмнинг ўзи бўларди. Чунки бу бир мамлакатнинг ўзида бўладиган жараён эди. Бугун халқаро дейишимизга сабаб, уни молиялаштирадиган кучлар бошқа жойда, ўқитадиган лагерлар бошқа жойда, амал қиладигани эса бутун дунё бўлиб қоляпти. 2010 йилдан 2019 йилгача террористик хуружлардан йилига ўртача 21 минг киши ҳалок бўлган. Биргина 2014 йилда деярли 50 минг киши терроризм қурбони бўлган. Тенденция шуни кўрсатяптики, у тобора ортиб бормоқда. Бўлаётган можароларнинг маштаби ва таъсири битта мамлакат билан чегараланаётгани йўқ. Яқин Шарқдаги ҳодисаларни кузатиб турибмиз. 2019 йилдаги охирги маълумотларга кўра, Афғонистон, Сурия ва Шимолий Африка мамлакатларида 335 минг киши қурбон бўлган. Бу йирик урушларда ҳам бўлмаган талафотларни кўрсатмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонни безовта қилаётган масала эса, албатта, уларнинг таъсири. Биз кўриб турибмизки, йирик кучлар ўртасида танглик бор. Қарама-қаршилик кўпаймоқда. Бу эса жаҳон иқтисодиётининг ривожига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Бутун дунёда 2019 йилдаги иқтисодий ўсиш суратлари охирги 10 йил ичидаги энг паст кўрсаткични қайд этди. Бу эса Ўзбекистонга ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди”.
LiveБарчаси