Собиқ Президент Акаев Жапаров ва Путинга миннатдорлик билдирди
Олам
−
21 Декабрь 2021
7714Қирғизистоннинг биринчи Президенти Асқар Акаев Ватанида энди унга қарши даъволар йўқлигини ва унга қарши барча ишлар ёпилганини маълум қилди. Бу ҳақда у Россиянинг “Московский Комсомолец” нашрига берган интервьюсида гапирган.
“Энди мен ҳам Қирғизистоннинг бошқа фуқаролари каби исталган вақтда у ерга боришим мумкин”, деган Акаев.
Собиқ Президентнинг сўзларига кўра, у “Қумтор” ишида гувоҳ ва айбланувчи сифатида иштирок этган.
“Бишкекда менга берилган саволларнинг аксарияти айнан шу иш билан боғлиқ эди. Ахир, мен бу корхона ҳақида кўпроқ биламан, айнан мен 1990-йиллар бошида инвестор топганман”, деган Акаев.
Унинг сўзларига кўра, дастлаб улар (Канаданинг Centerra Gold Inc. компанияси) яхши ишлаган, бироқ “2000-йиллар бошида суиистеъмол қилиш, атроф-муҳитга катта зарар етказиш бошланган.
Акаев, шунингдек ўзига қўйилган барча айбловларнинг тозаланишида амалдаги Президент Садир Жапаров асосий роль ўйнаганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Жапаров унга шахсан қўнғироқ қилиб, 16 йилдан бери тўпланиб қолган ишларни тугатиш учун Бишкекка таклиф қилган.
“Бундан ташқари, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари, генерал Қамчибек Тошиевдан ҳам миннатдорман. У ва унинг қўл остидаги барча менга жуда яхши муносабатда бўлишди. Улар қонун бўйича қатъий иш тутган бўлсалар ҳам, жуда сезгир эдилар”, деган Акаев.
Собиқ Президент, шунингдек унинг Қирғизистонга сафари давлат раҳбарлари даражасида келишилгани сабабли, ўз хавфсизлигидан қўрқмаслигини айтган.
“Россияда менга нисбатан меҳмондўстлик кўрсатгани учун Владимир Владимировичдан чексиз миннатдорман. 16 йилдан бери шу ерда ишлайман, бутун оилам учун энг қулай шароитлар яратилган”, деган Акаев.
Журналист Қирғизистоннинг бошқа собиқ Президентларидан ҳам кўрсатма олинаётган ёки олинмаётгани ҳақида сўраган. Акаев бунга тўғридан-тўғри жавоб бермаган, бироқ “ҳозир икки собиқ Бош вазир “Қумтор” масаласи бўйича тергов қилинаётганини” таъкидлаган.
Аввалроқ, Акаев 19 декабрь куни Москвага учиб кетгани ҳақида хабар бергандик.
Маълумот ўрнида, Асқар Акаев Қирғизистонни 1991 йилдан 2005 йилгача бошқарган, у давлат тўнтариши натижасида лавозимидан четлатилган. У 2005 йилдан бери Россияда бўлиб, илмий фаолият билан шуғулланган. 2021 йилнинг июль ойида Акаев халқаро қидирувга берилган.
LiveБарчаси