Миллий хавфсизликда сўроқ қилинган Акаев яна Қирғизистондан кетди
Олам
−
20 Декабрь 2021
5662Қирғизистон Республикасининг биринчи Президенти Асқар Акаев кеча, 19 декабрь куни Москвага учиб кетди. Бу ҳақда жамоат арбоби, собиқ Бош вазир ўринбосари Бекболот Талгарбеков маълум қилди.
“Акаев бир кун олдин учиб кетди. Ундан олдин у Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига кўрсатма берди. Унинг ҳаракатларида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ёки коррупция ҳолатлари йўқлиги аниқланган”, деган Талгарбеков.
Унинг қайд этишича, Акаев иштирокидаги барча тергов ҳаракатлари якунланган.
“Акаевга айблов қўйилмаганини ҳам таъкидлаб ўтмоқчиман. У “Қумтор” иши бўйича гувоҳ сифатида қатнашди. Баъзилар унга нисбатан жиноят иши тўхтатилганми, деб сўрайди, жиноят иши бўлмаган бўлса, уни қандай тугатиш мумкин. У фақат гувоҳ”, деган у.
Акаевнинг Қирғизистонга ташрифи 14 декабрь куни маълум бўлди. У ўғли Илим билан Москвадан самолётда келган. Яқинларининг сўзларига кўра, собиқ Президент Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда мамлакатга 2-3 кунга учиб келганди.
Маълумот ўрнида, Акаев август ойида Қирғизистонга келган эди. Собиқ Президент Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидаги сўроқдан сўнг тергов билан келишувга эришди ва айбига иқрор бўлди. Ташрифидан бир неча кун ўтар-ўтмас Кемин туманидаги кичик уйига, Таласдаги қайнонасиникига боришга муваффақ бўлди.
Терговдан сўнг у Президент Садир Жапаров билан учрашганди. Учрашувдан сўнг, Асқар Акаев матбуот анжуманида Қирғизистон Президентига “ҳамма нарсани айтиб бериш” имконияти учун миннатдорлик билдирган. 8 август куни эса Акаев мамлакатни тарк этган.
Қирғизистонда “Қумтор” олтин кони билан боғлиқ тўртта жиноий иш қўзғатилган. Улардан бири – экология масалалари бўйича кон компанияси раҳбарларига қарши, қолган учтаси – коррупция фактлари бўйича мансабдор шахсларга нисбатан.
LiveБарчаси