Собиқ хотинини ўлдирган эркак 11 йилга қамалди
Жамият
−
01 Июнь 2019
4202Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судининг ўз биносида очиқ суд мажлисида шаръий никоҳида бўлган хотинини ўлдирган шахсга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти суди Матбуот хизмати хабар берди.
Иш ҳужжатларига кўра, судланувчи Т. Адилов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2018 йил 15 декабрь куни соат 23:50 ларда 2013 йилдан 2018 йилнинг октябрь ойига қадар Навоий шаҳрида шаръий никоҳда бирга эр-хотин сифатида яшаб келган фуқаро С. Олимовани аввалдан ўрталарида келиб чиққан низони ҳал қилиб олиш ва уни яна эр-хотин сифатида бирга яшаш масаласида ўзаро гаплашиб олиш баҳонасида Навоий шаҳар, Низомий кўчасида жойлашган “Анҳор” кафеси ёнига чақирган. Улар Кармана тумани, “Каловат” МФЙ ҳудудидаги “Кармана-Қиёт” фермер хўжалиги экин майдони ёнидан ўтган маҳалла ички кўчасига қадар пиёда С. Олимова ўзи билан олиб келган пиво ва коньяк спиртли ичимликларини биргаликда истеъмол қилиб боришган.
Фуқаро С. Олимова Т. Адилов билан бирга эр-хотин сифатида яшашни ҳохламаслигини, ундан кўнгли совигани ва унга хиёнат қилган ҳолда бошқа бир эркак билан яқиндан алоқада бўлиб келаётганини юзига очиқдан-очиқ маълум қилган ҳамда унга нисбатан ҳақоратли сўзларни айтишдан тўхтамасдан “Кармана-Қиёт” фермер хўжалигининг экин ери майдони томонга қочган.
Т. Адилов С. Олимовани уни камситиб, ҳақорат қилганидан ғазабланиб, эгнида бўлган қишки кийимининг чўнтагида доимий олиб юрувчи кичик ҳажмли йиғма пичоғи билан С. Олимовани қасддан ўлдириш мақсадида уни “Кармана-Қиёт” фермер хўжалининг экин ери майдони четидаги ариқ ёнига қадар таъқиб қилиб, уни ерга йиқитиб олиб, ёнида бўлган пичоқ билан С. Олимованинг бўйин соҳасидан кесиб уни қасддан ўлдириб, воқеа жойидан яширинган.
Судланувчи эълон қилинган айбга қисман иқрорлик билдириб, Навоий шаҳар ИИБга бориб содир қилган жиноятини уларга маълум қилгани ҳақида кўрсатма бериб, қўл урган қилмишидан пушаймонлигини билдириб кечирим сўраб адолатли қарор чиқаришни сўради.
Судланувчи Т. Адиловнинг содир этган жиноий ҳаракати ўзининг айбига иқрорлик билдириб берган кўрсатмасидан ташқари, жиноят ишида текширилган далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топди.
Суд, ишнинг барча ҳолатларини синчковлик билан ўрганиб, далилларга баҳо бериб, Т. Адиловни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 97-моддасининг 1-қисми билан айбли деб топиб, унга шу модда билан 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.