Собиқ FIFA ҳаками Танташев бошқарган ўйинни энг баҳсли деб атади
Спорт
−
22 июл 3490 2 дақиқа
Собиқ FIFA ҳаками Алексей Николаевнинг фикрича, 2026 йилги Жаҳон чемпионатида ҳакамлик борасида энг кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлган учрашув ўзбекистонлик Илгиз Танташев бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқарган Франция ва Парагвай ўртасидаги 1/8 финал баҳси бўлган. Бу ҳақда у TASS нашрига берган интервьюсида сўз очди.
Мазкур учрашув Франция терма жамоасининг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган. Ўйин давомида Парагвай футболчиси Матиас Галарса икки марта француз ўйинчиларига нисбатан қўпол ҳаракат қилган, учрашув сўнггида эса Майкл Олисега нисбатан ҳам қоидабузарлик содир этган.
Николаевнинг таъкидлашича, ҳакамлик нуқтаи назаридан Франция ва Парагвай ўртасидаги учрашув турнирдаги энг омадсиз баҳс сифатида эсда қолган.
“Ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси ўйинчиларнинг хатти-ҳаракатларини тўлиқ назорат қила олмади ва баҳс маълум бир пайтда назоратдан чиқиб кетди. Парагвайлик футболчиларнинг ҳаракатлари, шунингдек, Килиан Мбаппе каби француз юлдузларига нисбатан кўплаб қоидабузарликлар содир этилгани эсда қолди”, дейди Николаев.
Шу билан бирга, FIFA’нинг собиқ ҳаками турнирда жорий этилган янги қоидалар ўзини оқлаганини айтиб ўтди.
“Энди футболчилар вақтни чўзиш учун атайлаб тўпни ушлаб туриш ёки шифокорларни чақириш каби усуллардан фойдаланишмайди. Чунки ҳакам қоидага мувофиқ футболчини бир дақиқага майдон ташқарисида қолдириши мумкин. Бу янгиликлар самара берди ва мен уларнинг Россия Премьер-лигасида ҳам қўлланилишини истардим. Россия Суперкубоги учрашуви ҳам биз бу ғояни қабул қилганимизни кўрсатди”, дея қўшимча қилди Николаев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “L’Équipe” нашри ўзбекистонлик ҳакам Илгиз Танташев бошчилигидаги ҳакамлар бригадасининг Франция ва Парагвай ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг 1/8 финал учрашувидаги ишини энг паст кўрсатгич билан баҳолаганди.
Live
Барчаси