Собиқ Афғонистон ва “Толибон” сиёсатида қандай фарқлар бор?
Интервью
−
15 Ноябрь
6651Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги айни пайтдаги дипломатик вазиятни қандай изоҳлаш мумкин? Тан олинмаган ҳукумат ва давом этаётган алоқалар: Афғонистоннинг собиқ ҳукумати ва айни пайтдаги муваққат ҳукумат “Толибон” ўртасида қандай фарқлар бор? Ўзбекистон учун қайси ҳукумат билан ишлаш осонроқ эди? Мазкур саволларга жавоб олиш учун QALAMPIR.UZ Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашевга микрофон тутди.
“Дипломатик муносабатларимиз тўғрисида айтадиган бўлсак, биз бугунги кунда де-факто ҳукуматни ҳали расмий тан олганимиз йўқ. Бу, албатта, жаҳон ҳамжамияти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан келишилган ҳолда қабул қилинади. Бунинг учун халқаро ҳамжамиятнинг бугунги Афғонистон муваққат ҳукуматига ўзига яраша талаблари бор ва мана шу талабларни улар амалда бажарилишини сўрашяпти. Ҳозирги кунда баъзи масалаларда кичкина бўлса ҳам ижобий ўзгариш бор, лекин ҳали юз фоиз бу талаблар амалда амалга оширилмаган”, деди Эргашев.
БМТ яқинда Афғонистондаги аёллар аҳволи ҳақида ҳисобот эълон қилди. Унга кўра, “Толибон”нинг сўнгги уч йилда чиқарган фармонлари, кўрсатмалари ва амалиётлари аёлларни Афғонистон ижтимоий ҳаёти ва раҳбарлик лавозимларидан деярли барча соҳалардан тизимли равишда чиқариб юборишга қаратилган. БМТнинг ҳисоботига кўра, аёлларнинг жамиятдан ва қизларнинг деярли тўлиқ чиқариб юборилиши устма-уст келаётган иқтисодий ва гуманитар инқирозлар билан биргаликда аксарият афғонларнинг турмуш шароитларининг кескин ёмонлашувига олиб келаётганини таъкидлаган. Аммо “Толибон” ҳукумати бу иддаоларни кескин рад этиб чиқди ва БМТни пропаганда асосланганликда айблади.
Хўш, умуман олганда, “Толибон” ва Афғонистоннинг собиқ ҳукуматининг ташқи ва ички сиёсатида қандай фарқлар бор?
“Мен уларни солиштиришни истамасдим. Энди агар икки ҳукумат ҳақида гапирадиган бўлсак: олдинги жумҳурият режими бу асосан Ғарб мамлакатлари билан яқиндан ҳамкорлик қиладиган ва Ғарб мамлакатларининг молиявий ёрдамига таянган ҳукумат эди. Шу билан биргаликда энг муҳим жиҳати, бу режим пайтида мамлакатда катта хорижий ҳарбий кучлар бор эди.
Бугунги кунда Толибон ҳукумати яккахон ҳукуматга эгалик қилмоқда ва мамлакатдан хорижий ҳарбий кучлар чиқиб кетган. Шу билан биргаликда бирон бир катта донор мамлакатлар ҳукуматнинг фаолиятини таъминлаш учун ёрдам бераётгани йўқ, яъни молиявий ёрдам келмаяпти. Бугунги де-факто муваққат Афғонистон ҳукумати ўз олдидаги турган вазифаларни мустақил ўзи ҳал қилиб келмоқда. Унга қўшни бўлган мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистон бу мамлакат билан яқин қўшничилик муносабатларини сақлаш, ривожлантириш ва мамлакатда тинчликни таъминлаш учун қилинаётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, албатта, дўст биродар бўлган афғон халқини оғир кунда қўллаб-қувватлаш мақсадида иқтисодий-савдо ҳамкорлигимизни йил сайин кенгайтириб ва ривожлантириб бормоқда”, деди у.
Аммо Афғонистоннинг икки ҳукумати даврида ҳам ишлаган Ўзбекистон дипломати қайси ҳукумат билан ишлаш унга осон кечгани ҳақида гапирмади, чунки ҳамма билан қандай бўлса, шундай келишишингиз керак.
“Биз бугунги Афғонистондаги ҳукумат билан ҳамкорлик қиламиз ва бу ҳамкорлигимиз жуда кенг қамровли. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, чунки биз асрлар давомида ёнма-ён яшаб келаётган ва яхши қўшничилик муносабатларини доимо сақлаб келаётган халқлармиз”, деди Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили.
LiveБарчаси