Словения Президенти автоҳалокатга учради

Олам

image

Словения Президенти Наташа Пирц-Мусар Хорватиядаги таътилдан қайтаётганда автоҳалокатга учради. Бу ҳақда давлат раҳбари кабинетига таяниб, “Словения Радио ва телевидениеси” хабар берди.

Маълумотларга кўра, авария жорий йилнинг 31 июль куни Кастелец туннелида содир бўлган. Словения етакчиси енгил жароҳатлар олган. У тунни Изола шаҳридаги шифохонада ўтказган. Ҳозирда сиёсатчи уйида ва ўзини яхши ҳис қилмоқда.

Копер шаҳар полиция бошқармаси маълумотларига кўра, ўша куни соат кечки 5 лар атрофида денгиз бўйи автострадасида содир бўлган ЙТҲда қўриқланадиган шахсни кузатиб борувчи кортеж таркибидаги иккита хизмат полиция машинаси тўқнашган. Ҳозиргача тўпланган маълумотларга кўра, ҳодисада икки киши жароҳат олган. Улардан бири енгил, иккинчиси эса оғир тан жароҳати олган. Иккаласи ҳам тез ёрдам машинасида Изола умумий шифохонасига етказилган.

Шошилинч қутқарув ишларини олиб бориш ва ЙТҲ содир бўлган жойни кўздан кечириш сабабли Кастелец туннели вақтинчалик барча транспорт воситалари учун ёпилган ва соат саккиздан кейин қайта очилган. Копер полициячиларининг аниқлик киритишича, ҳодиса юзасидан тергов давом этмоқда. Бу ҳақда Махсус давлат прокуратурасининг тегишли бўлимига ҳам хабар берилган.

Маълумот учун, Наташа Пирц-Мусар – словениялик таниқли ҳуқуқшунос, журналист ва сиёсатчи бўлиб, мамлакат тарихидаги илк аёл Президент ҳисобланади. У 2022 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган сайловларда мустақил номзод сифатида ғалаба қозонган ва 2022 йил 23 декабрдан буён давлат раҳбари лавозимида фаолият юритмоқда. У сиёсий фаолиятидан аввал узоқ йиллар давомида Словения марказий телевидениесида сухандон ва журналист бўлиб ишлаган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг