Словакияда мухолифат Фицо кабинетига ишончсизлик вотуми тайёрламоқда

Олам

image

Словакиядаги мухолифат кучлари яқин келажакда Бош вазир Роберт Фицо ҳукуматига ишончсизлик вотуми ўтказиш ниятида. Бу ҳақда бугун, 14 январь куни бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида “Прогрессив Словакия”, “Озодлик ва бирдамлик”, “Христиан-демократлар”, “Словакия”, “Халқ учун” ва “Христиан иттифоқи” партиялари вакиллари маълум қилди.

“Роберт Фицо Словакияни ташлаб кетди. Уйда бўлиб, одамларни ташвишга солаётган муаммоларни ҳал қилиш ўрнига, у дунё бўйлаб саёҳат қилади, диктаторларга таъзим қилади, қаердадир дабдабадан завқланади. У қўшниларимиз ва ҳамкорларимизни ҳақорат қилади. Биз Фицонинг Словакияни шарққа буришига йўл қўймаймиз”, деган “Прогрессив Словакия” партияси раҳбари Михал Шимечка.

У Фицонинг 14 йиллик даври давомида мамлакат катта зарар кўргани, уларни 10 соат ичида ҳам санаб бўлмаслигини айтган.

“Reuters”нинг ёзишича, Фицо кабинетига ишонч масаласи парламентда қачон овозга қўйилиши ҳозирча номаълум. Ҳукуматга импичмент эълон қилиш учун мухолифат парламент аъзоларининг кўпчилигини таъминлаши керак. Ҳозирда Словакия парламентидаги ҳукмрон коалицияни 150 депутатдан 76 нафари қўллаб-қувватламоқда.

2024 йил декабрь ойининг охирида Фицо Москвага ташриф буюрди ва у ерда Россия Президенти Владимир Путин билан учрашди. Шундан сўнг, Фицо қиш шароитида ва Россия Федерациясининг энергия инфратузилмасига давом этаётган ҳужумлари фонида Украинага электр энергиясини етказиб беришни чеклаш билан таҳдид қилди. Бунга жавобан Украина Президенти Владимир Зеленский Путин Фицога “Словакия халқи манфаатлари эвазига Украинага қарши иккинчи энергетика жабҳасини очиш” ҳақида “кўрсатма беришини” таклиф қилди. Зеленскийнинг эслатишича, Фицо 1 январдан Россиядан газ транзитини тўхтатгани учун Киев таклиф қилган товон пулидан бош тортган.

“Энди у Словакия халқини йилига камида 200 миллион долларсиз қолдириши мумкин”, деб ёзган Украина Президенти декабрь ойининг охирида ижтимоий тармоқларда.

11 январь куни Словакия Бош вазири “Европа бўйлаб юрадиган, шунчаки тиланчилик қиладиган ва шантаж қиладиган, бошқалардан пул сўрайдиган” Украина Президентидан “тўйганини” айтди.

“Бу шунчаки тўхтатилиши керак”, деган Роберт Фицо мухолифат ташаббуси билан бўлиб ўтган парламент қўмитаси йиғилишида.

Мухолифатчилар ундан Москвага сафари, шунингдек, Словакиянинг Россия газининг Украина орқали транзитини тўхтатиши муносабати билан кейинги қадамлари ҳақида тушунтиришни талаб қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 1 январь кунидан эътиборан “Газпром” Украина орқали газ етказиб беришни тўхтатганди. Словакия Бош вазири Роберт Фицо Россия газининг Украина орқали транзитини тўхтатишни Владимир Зеленский томонидан уюштирилган “саботаж” деб атади ва украиналик қочқинларга ёрдамни камайтириш билан таҳдид қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Роберт Фицо ишончсизлик вотуми Прогрессив Словакия” “Озодлик ва бирдамлик” “Христиан-демократлар” “Словакия” “Халқ учун” “Христиан иттифоқи” мухолифат кучлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг