Скутер ва самокатда қилинган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланди
Жамият
−
29 Октябрь
2993Скутер ва самокатдаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Шуни назарда тутувчи тегишли қонун кеча, 28 октябрь куни Президент томонидан қабул қилинди.
Қонунга кўра, скутерлар ва индивидуал ҳаракатланиш воситаларини бошқариб бораётган шахсларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги, базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисми миқдорида (123 минг 300 сўм) жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, скутер ва самокатларни белгиланган тартибда нур қайтаргичлар ва чироқлар билан жиҳозланмасдан ҳайдаса, БҲМнинг иккидан бир қисми миқдорида (185 минг сўм) жарима солинади.
Бундан ташқари, индивидуал ҳаракатланиш воситаларининг ва скутерларнинг ҳайдовчилари одамларни ташиса, БҲМнинг иккидан бир қисми миқдорида (185 минг сўм) жаримага тортилади.
Скутер ёки индивидуал ҳаракатланиш воситасини бошқариб бораётган шахснинг алкоголли ичимлик, гиёҳвандлик моддаси таъсирида ёки ўзгача тарзда маст бўлган ҳолда йўл ҳаракати қоидаларини бузиши эса БҲМнинг уч баравари миқдорида (1 млн 110 минг сўм) жарима солишга сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 сентябрь кунида Ўзбекистонда скутер, индивидуал ҳаракатланиш воситалари ёрдамида ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси сенаторлар томонидан маъқулланганди.
Жасмина Расулова
LiveБарчаси